Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро банклар маҳаллий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этмоқда
19:46 / 2022-09-28

Ўзбекистонда халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳалар боришини таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги томонидан Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) ва Жаҳон банки (ЖБ) билан йиғилиш ўтказилди.

ОТБ билан видеоконференция форматида бўлиб ўтган йиғилиш доирасида банкнинг Ўзбекистондаги жорий портфелининг умумий қиймати 3,3 миллиард АҚШ доллари бўлган 21 та лойиҳадан иборат эканлиги таъкидланди. Мазкур лойиҳалар аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг тоза ичимлик суви ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш каби ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йўналишларда амалга оширилмоқда. Видеоконференция иштирокчилари томонидан ҳар бир лойиҳанинг бориши, жумладан, уларни амалга оширишнинг ҳар бир босқичида тармоқ жадвалларининг бажарилиши нуқтаи назаридан кўриб чиқилди.

Жаҳон банки (ЖБ) вакиллари билан ҳам ҳудди шундай музокаралар олиб борилди. Бугунги кунда банк Ўзбекистонда умумий қиймкати 4,9 миллиард АҚШ долларига тенг 28 та лойиҳани молиялаштирмоқда. Улар қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, энергетика, урбанизация, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилмоқда.

Учрашув иштирокчилари лойиҳани бошқариш жараёнларини такомиллаштириш, жумладан, асбоб-ускуналар ва материалларни ҳарид қилиш бўйича бир қатор конструктив таклифларни илгари сурди. Томонлар лойиҳаларни амалга оширишга масъул бўлган вазирлик ва идоралар ходимларининг касбий билимлари ва маҳоратини янада ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди.

Йиғилиш якунида “йўл хариталари” тасдиқланди. Уларда лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ҳамда ажратилган маблағлар ўзлаштирилишини таъминлаш юзасидан манзилли топшириқлар олган вазирлик ва идоралар раҳбарлари қайд этилган. Шунингдек, улар лойиҳаларнинг ўз вақтида фойдаланишга топширилиши учун ҳам жавобгар бўлади.

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА