Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро баҳолаш дастурларида Ўзбекистоннинг иштироки қандай?
22:25 / 2024-04-14

Дунёдаги ривожланган мамлакатлар таълим тизимида таълим сифатини ошириш, халқаро баҳолаш жараёнларида муносиб қатнашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам 2030 йилга қадар халқ таълимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланган ва мазкур ҳужжатнинг биринчи бандида PISA халқаро тадқиқотида Ўзбекистоннинг иштирокини таъминлаш, 2030 йилга бориб кучли Топ-30 таликка кириш стратегик вазифа сифатида белгиланган.  

Бугунги кунда таълим тизими олдида турган муҳим вазифалар сирасига – халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш, педагог ва ўқувчиларда PISA, TIMSS, PIRLS халқаро баҳолаш дастурлари доирасида ишлаш кўникмасини шакллантириш, уларнинг билим, кўникма ва компетенциялари, танқидий, ижодий ва мантиқий фикрлашини ривожлантириш, ўқитувчиларга амалий ва услубий ёрдам бериш кабилар киради.  

Дастлаб PISA, PIRLS, TIMSS халқаро баҳолаш дастурларининг мазмун-моҳияти хусусида қисқача маълумот бериб ўтсак.  

PISA – (Programme for International Student Assessment) таълим олувчиларнинг таълим ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастури ва таълим сифати мониторинги бўлиб, 15 ёшли ўқувчиларнинг математика, табиий фанлар ва ўқиш бўйича билим ва кўникмалари, замонавий жамиятда тўлақонли фаолият юритишлари, кенг кўламли муаммоларни ҳал этишлари учун зарур компетентлик даражасини ўрганади. Ушбу дастур Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (Organization for Economic Cooperation and Development) томонидан амалга оширилади.  

PIRLS – (Progress in International Reading Literacy Study) бу турли мамлакатлардаги бошланғич мактаб ўқувчилари томонидан ўқиш сифати ва ўқилган матнни тушуниш даражасини баҳолашнинг халқаро тизими ва у асосида олиб бориладиган халқаро тадқиқот.  

TIMSS – (Trends in Mathematics and Science Study) математика ва Science таълими сифатини баҳолашга оид халқаро тадқиқот бўлиб, IEA (International Association for the Evaluation of Educational Achievement) томонидан ташкил этилган. TIMSS тадқиқотларида 4-синф ва 8-синф мактаб ўқувчилари математика ва табиий фанлардан ўз билимларини синаб кўради.  

Дастурда иштирок этаётган давлатлар сони тобора ортиб бормоқда. Агар 2015 йилда TIMSS тадқиқотида 57 давлат иштирок этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 60 дан ортиқ давлатни ташкил этди. Турли йилларда Сингапур, Жанубий Корея, Япония, Гонконг, Бельгия таълим тизими энг юқори баллга эга бўлган.  

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, таълимнинг сифати профессор-ўқитувчининг касбий тайёргарлик даражасидан юқори бўла олмайди. Таълим берувчи эски категориялар билан фикр юритар экан, ҳеч қандай технология дарс самарадорлигини ошира олмайди.  

Таълим сифатини таъминлашда интерфаол ахборот-таълим муҳитини яратиш, инсон шахсига ҳурмат, ижтимоий кўникмаларни ривожлантириш, таълимни демократлаштириш катта аҳамиятга эга.  

Таълимнинг янгича мазмуни таълимни бошқаришни тубдан ўзгартиришни тақозо этади. Ўз вақтида ва тўғри қарор қабул қила оладиган, ресурсларни (вақт, молия, кадрлар, технологик, KPI, форсайт) бошқара оладиган, кучли интуицияга эга, шижоатли, нотиқ, инновацион тафаккурга эга, харизматик лидерларни шакллантириш масаласи ўта муҳим.  

Халқаро дастурларда муносиб иштирок этиш учун замонавий таълим дастурлари ва дарсликлар контенти XXI асрнинг шахсни ўзгаришларга тайёрлаш,ижтимоий интеллект, барқарор ривожланиш, экологик маданият каби яна бир нечта билим ва кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоғи лозим.  

Моҳира Холиқова,

Тошкент шаҳар педагогларни янги

методикаларга ўргатиш миллий маркази директори.