Маълумки, жорий йилнинг 22 сентябрида дунё миқёсида «Халқаро автомобилсиз кун» санаси кенг нишонланади.
Ушбу сана мамлакатимизда ҳам анъанавий тарзда ўтказиб келиниши юзасидан қарор қабул қилинган бўлиб, ҳар йили ушбу санага бағишланган тадбирлар ташкил этилади.
Аҳамиятлиси, ўтган йиллар мобайнида тегишли қарор ва дастурлар асосида мамлакатимизнинг шаҳар-у қишлоқларида, маҳалла ва гузарларида алоҳида югуриш, юриш, велосипед йўлаклари бунёд этилдики, бу, аҳолининг кундалик турмуш тарзига янгича руҳ олиб кирди.
Биргина ўтган 2021 йилда “Автомобилсиз кун”, “Велосайр” каби тадбирлар натижасида минг-минглаб инсонлар саломатлик тадбирларига жалб этилди.

Спортни ривожлантириш вазирлигида ўтказилган йиғилишда мазкур санани кенг ва муносиб нишонлаш хусусида сўз борди.
– Бундай ўзига хос оммавий спорт тадбирининг юртимизда тизимли тарзда ўтказилаётганлиги хайрли иш бўлди. Аввало, велосайр натижасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси анча пасаяди. Қолаверса, ёшларнинг спорт машғулотларига қатнашиши таъминланади. Бу тадбир нафақат Тошкентда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилади, – дейди Спортни ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Умид Ражабов.
Мутахассиснинг билдиришича, Тошкентдаги велосайр пойтахтимизнинг Махтумқули кўчасидан бошланиб, “Янги Ўзбекистон” боғигача бўлган 11,5 километр масофани қамраб олади.
Унда велоспорт билан тизимли шуғулланиб келаётганлар билан кенг аҳоли вакиллари ҳам белгиланган тартибда иштирок этиши мумкин.
Т.Рўзиев,
ЎзА