Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро анжуманда илғор тажрибалар ўрганилди
00:03 / 2024-05-02

Андижонда “Профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республика Соғлиқни сақлаш, Таълим, фан ва инновация вазирликлари, Андижон вилояти ҳокимлиги, Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуманда юртимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тиббиёт тизимида фаолият олиб бораётган илмий марказлар мутахассислари, хорижий давлатлардан ташриф буюрган олимлар,  ёш олимлар, талаба- ёшлар иштирок этди. 

Андижон шаҳридаги  Ёшлар марказида анжуман очилишига бағишланган тадбир ва пленар йиғилишида сўз олганлар томонидан кейинги йилларда Ўзбекистон тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини яхшилаш, соҳа ходимларининг касбий билим, малака, маҳорат ва тажрибаларини ошириш, айниқса, профилактик тиббиётни ривожлантириш, амалиётга юқори инновацион технологияларни жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.  

--Анжуман соҳа мутахассисларининг билим ва малакаларини ошириш, ўзаро тажриба алмашишига имконият яратиб берди, -- дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор Мадаминжон Мадазимов. – Айниқса, тиббиётимиз илмий-амалий салоҳиятини, олимларимизнинг хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилганлиги янада аҳамиятлидир. 

Анжуманда профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш орқали касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди. 

Мутахассисларнинг қайд этишича, профилактик чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши аҳолининг жисмоний фаоллигини 10 фоизга оширади. Шу билан бирга, юқори қон босими, семириш ва қандли диабет билан касалланганлар сонининг ўсишини чеклаш, юрак-қон томир касалликлари, хавфли ўсмалар, қандли диабет ва бошқа хасталиклар туфайли юзага келаётган эрта ўлим ҳолатларини кескин камайтиради. 

“Жамоат саломатлиги – 2030” стратегиясига кўра, мамлакатимизда касалликларни эрта аниқлаш даражаси 70 фоизга етказилиши кўзда тутилган. Бунинг учун ҳар йили 40 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида нисбатан кўп учрайдиган юрак-қон томир, қандли диабет ва сурункали обструктив ўпка касалликлари хавфини аниқлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, аёллар, болалар, умуман, аҳолининг барча қатламлари вакиллари учун профилактик тиббий кўриклар ўтказилиши йўлга қўйилган. 

Шунингдек, анжуманда Россия Федерацияси A.В.Вишневский номидаги миллий тиббиёт тадқиқот жарроҳлик маркази директори Амиран Ревишвили, Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон давлат тиббиёт университети ректори  Гулзода Қурбонали, Россия Фундаментал тиббиёт ва биология институти директори Андрей Киясов мавзу доирасидаги маърузалари билан қатнашди.

Умуман, халқаро анжуманда мамлакатимиз олимлари билан бир қаторда Россия, Швейцария, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Греция, Эрон, Беларусь Республикаси, Туркия давлатларидан ташриф буюрган  олим ва мутахассислар ҳам иштирок этди. 

Олимлар, мутахассислар, иштирокчилар томонидан профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш борасида олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари, бу борадаги халқаро тажрибалар, хасталикларни эрта аниқлаш ва даволаш самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

-- Кейинги йилларда Ўзбекистонда профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда,-- дейди Россия Федерацияси Санк-Петербург шаҳридаги В.А. Алмазов номидаги Миллий тиббиёт тадқиқот маркази эндокринология кафедраси мудири Татяна Каронова. – Хусусан, юқумли ва эндокринологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволашда салмоқли натижаларни кузатиш мумкин. 

[gallery-17224]

Куннинг иккинчи ярмида илмий-амалий анжуман иштирокчилари  Андижон давлат тиббиёт институтининг ўқув биноларида “Профилактик тиббиёт”, “Ички касалликлар”, “Оналик ва болалик”, “Жарроҳлик касалликлари” сингари еттита секция доирасида ўтказилган машғулотларда иштирок этди.

-- Анжуман доирасидаги машғулотларда профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш бўйича ўзаро тажриба алмашдик,--дейди Туркиянинг Xasettepe университети клиникаси бош шифокори Нежла Озер. – Хусусан, бу борада юрак-қон томир касалликлари бўйича ҳамкасбларимиз томонидан қўлланилаётган илғор тажрибалар менга манзур бўлди.

Машғулотларда иштирокчилар томонидан профилактик тиббиёт, ҳар бир йўналишда юқори инновацион технологияларни қўллаш, бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, илғор тажрибалар ўрганилди.

Мавзулар доирасида муҳокамалар, савол-жавоблар бўлиб ўтди. Шунингдек, профессорлар, малакали мутахассислар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.

Ҳар жиҳатдан самарали ва фойдали ўтган мазкур анжуман профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш йўналишидаги ишлар самарадорлигини оширишга, мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашиш, билим ва малакаларини юксалтиришга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари