Бухорода “Давлат бошқаруви ходимларининг замонавий компетенцияларини ривожлантириш: Ўзбекистон ва Жанубий Корея истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Давлат хизматчиси аввало халқ хизматчиси бўлиши шарт” тамойили остида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизда давлат бошқарувининг ўзига хос модели яратилиб, давлат хизматчиларининг янги авлоди шаклланди.
Умуман, тарихга эътибор қаратадиган бўлсак, қадимда ҳам алломаларимиз давлат бошқаруви ходимларининг салоҳият даражаси, унинг ахлоқ-одоби, касбий кўникмаси, кишилар билан мулоқот қила олиш малакасига алоҳида эътибор қаратганлигини кузатишимиз мумкин.
Хусусан, Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, Кайковуснинг “Қобуснома”, Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу билиг” асарлари, шунингдек “Темур тузуклари” ва бошқа асарларда замонавий тил билан айтганда давлат хизматчиси компетенциялари ҳақидаги идеал қарашларга кўп бор гувоҳ бўлганмиз.
-Бугунги семинаримизнинг айнан Жанубий Корея давлати билан ҳамкорликда ўтказилаётганлигида ҳам ўзига хос маъно бор, албатта, -дейди вилоят ҳокими Ботир Зарипов. -Негаки, бир неча минг йиллик миллий давлатчилик тизимига эга бўлиб, маълум даврда мустамлакачилик азобини кўрган ва мустақилликдан сўнг тараққиёт йўлини танлаб олган Жанубий Корея тарихи кўп жиҳатдан мамлакатимиз тарихига ўхшаб кетади. Хусусан, мамлакатнинг ўтган аср 60-70-йилларида иқтисодий ривожланишда “Катта сакраш”га муваффақ бўлганида айнан давлат бошқаруви ва кадрлар тизимидаги изчил ислоҳотлар ҳам муҳим омил бўлган. Айнан шу жиҳатдан бугунги конференцияда ўртага ташланадиган илмий ва амалий мусоҳабалар, ўзаро тажриба алмашиш ҳар иккала давлат учун кадрлар компетенцияларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-14394]
Тадбирда Корея Республикаси Бош вазири ҳузуридаги Корея давлат бошқаруви институти президенти Сангхан Чве сўзга чиқди. Нотиқ давлат бошқаруви тизимидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари хусусида тўхталди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Сангнинг конференция иштирокчиларига йўллаган видео мурожаати эшитилди.
Халқаро конференция сессияларга бўлинган ҳолда давом этди.
Унда Жанубий Корея ва Ўзбекистон давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш тажрибаси, Давлат хизматчиларининг коммуникативлиги ва етакчилиги, Давлат хизматчиларининг компетенцияларини баҳолаш ва салоҳиятини ривожлантириш учун малака ошириш дастури модели, раҳбар кадрларнинг етакчилик ҳамда бошқарув салоҳиятини янада ривожлантириш ва уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонлари мавзусида муҳокама, дебат ва тақдимотлар ташкил этилди.
Давлат бошқаруви ходимларининг компетенцияларини ривожлантириш масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашилди. Конференция давомида олинган назарий билимларга таянган ҳолда, давлат бошқаруви кадрлари салоҳиятини ривожлантиришнинг дастурий лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳокама қилинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари