English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро анжуман: электр таъминоти тизимининг долзарб муаммолари
23:30 / 2021-11-25

Жорий йилнинг 25-26 ноябрь кунлари Тошкент давлат техника университетида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги тегишли фармойишига мувофиқ, “Электр таъминоти тизимининг долзарб муаммолари” (“Электр таъминоти” кафедраси ташкил топганининг 50 йиллигига бағишланади) мавзусида Халқаро илмий-техник анжумани ўтказилмоқда.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад – электр таъминоти тизимининг долзарб муаммолари, хусусан унинг ишончлилиги ва энергиясамарадорлигини ошириш, оптимал лойиҳалаш, электр энергия сифатини таъминлаш йўналишида маҳаллий ва халқаро илмий мактаблар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар бўйича ғоя ва фикрлар алмашиш, шунингдек, электр таъминоти тизимини трансформациялаш, интеллектуаллаштириш ва рақамлаштириш каби инновацион ишланмаларни жорий этишнинг имкониятларини таҳлил қилишдан иборатдир.

Анжуманни ТошДТУ ректори С.Турабджанов кириш сўзи билан очди. У сўнгги йилларда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва “Электр таъминоти” кафедрасининг фаолияти тўғрисида тўхталиб ўтди. Анжуманда “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” АЖ раиси Д.Исакулов ҳам иштирок этиб, олий таълим ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг ривожи сифатли кадрлар тайёрлашда асосий жиҳат эканлигини таъкидлаб ўтди. 

Анжуман ялпи мажлисида Германия, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Белорусия ва бир қатор МДҲ мамлакатларидан нуфузли олий таълим ва илмий ташкилотларда фаолият олиб бораётган 20 нафардан ортиқ соҳа мутахассислари иштирок этдилар.

Ўтказилаётган анжуман Тошкент давлат техника университетининг “Электр таъминоти” кафедраси ташкил топганининг 50 йиллиги муносабати билан ўтказилмоқда. Кафедра республикада шу йўналишдаги таянч кафедра ҳисобланиб, ташкил этилганидан бугунги кунга қадар ўн мингдан ортиқ ёшлар тамомлаган. Турдош олий таълим муассасаларида электр таъминоти йўналиши ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув жараёнининг самарали ташкил этилишида, уларни зарур меъёрий ҳужжатлар билан таъминланишида кафедранинг ҳиссаси юқоридир.

Сўнгги уч йилда кафедрада 5 та докторлик ва номзодлик диссертацияларининг муваффақиятли ҳимоя қилиниб, илмий салоҳият 35 фоиздан 56 фоизга ошган. Рақамлар таҳлили шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда кафедра профессор-ўқитувчиларининг нашр фаоллиги сезиларли равишда ошди. Жумладан, улар томонидан сўнгги уч йилда 8 та монография, хорижнинг нуфузли журналларида 38 та мақола, Скопус маълумотлар базасига кирган журнал ва тўпламларда 79 та мақола, маҳаллий журналларда 56 та мақола, маҳаллий ва халқаро анжумунларда 136 та тезис ва мақолалар, 6 та ихтирога патентлар, 42 та ЭҲМ учун дастурга гувоҳномалар, 6 та дарсликлар, 10 та ўқув қўлланмалар ва 24 та усулбий кўрсатмалар тайёрланиб, чоп этилган. 

Ўқув ва илмий фаолиятдаги фаоллик натижасини кафедранинг 2020 йил натижалари бўйича турли йўналишлардаги муваффақиятларида ҳамда университет кафедралари рейтингида фахрли 1-ўринни эгаллаганлигида кўриш мумкин.

Анжуманда электр таъминоти тизимининг ишончлилиги ва энергия самарадорлигини ошириш, уни оптимал лойиҳалаштириш ва эксплуатасия қилиш, электр энергияси сифатини таъминлаш, электр таъминоти тизимида инновацион ишланмалар: трансформасиялаш, интеллектуаллаштириш ва рақамлаштириш ҳамда истеъмолчилар электр таъминоти тизимида ноанъанавий ва қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш каби йўналишларда маҳаллий ва хорижий олимлар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари олий таълим ва ишлаб чиқариш соҳаси мутахассислари иштирокида кенг муҳокама қилиниб, мазкур илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш имкониятлари ўрганилади.

Анжуман ўз ишини шўъба йиғилишларда давом эттирмоқда.

ЎзА