Аввал хабар берганимиздек, Термиз шаҳрида “Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби” мавзуига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 29 июлдаги “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Туркий дунё доирасида “Табаррук зиёрат” туризм концепсияси”да Термиз шаҳрида “Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби” мавзуига бағишланган илмий конференция ташкил этиш белгиланган.
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда дунёнинг ўнга яқин давлатидан ҳамда мамлакатимизнинг таниқли уламолари, етук олимлар, нуфузли университетлар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этиш истагини билдирди.
Мазкур анжуманнинг буюк Термизийлар юртида ўтказилиши Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириб, умумтуркий маданий меросни биргаликда дунёга кенг тарғиб қилишда муҳим омил бўлади. Туризм бозорининг турли сегментларига қаратилган сайёҳлик маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва мақбул ҳолда қулай ички ҳамда халқаро зиёрат туризми муҳитини яратишда муҳим ўрин тутади.
Сурхондарё вилоятига етиб келган нуфузли анжуман қатнашчилари учун бугун воҳанинг муқаддас қадамжоларига саёҳат уюштирилди. Меҳмонлар дастлаб Ҳаким ат-Термизий мажмуасида бўлиб, буюк аллома мангу қўним топган обод ва сокин масканни зиёрат қилди.
Термизийлар музейи билан танишди. Шу ерда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари олиб бораётган илмий изланишлар, чоп этган китоблари тақдимоти ўтказилди.
– Улуғ Термизийлар юрти қисқа йилларда тубдан янгиланибди, – дейди Эрондаги Модарес университети профессори Худоёр Еброҳим. – Охирги марта бундан 20 йил муқаддам келган эдим. Ҳаким Термизий ҳақида илмий мақолалар ёзиб, китоблар чоп эттирганман. Бугун бу муқаддас даргоҳнинг янада обод, янада гўзал масканга айлангани ва Термизийлар тўғрисида кўплаб янги китоблар нашр этилганига гувоҳ бўлдим.
Пайғамбарнинг авлодлари (“аҳл ул-байт”, яъни саййидлар) дахмаси сифатида танилган Султон Саодат мажмуаси меҳмонларда бой таассурот уйғотди. Улар пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг қизлари Фотима ва халифа Али никоҳидан туғилган Имом Ҳусайннинг авлодлари бўлиб, мажмуада X-XVII асрларда Термиз саййидларининг оила вакиллари дафн этилган.
Зиёрат чоғида мажмуа қурилиши ҳақида атрофлича маълумот берилди. Уламолар шу ерда пайғамбаримиз силсилаларини кўриб, ҳудудда мангу қўним топган зотлар сарвари оламнинг авлодлари эканини аниқлашди. Уларнинг руҳи покларига қуръон оятлари тиловат қилинди.
– Термизийлар тўғрисида кўп маълумотларга эгамиз. Китобларини мутолаа қилганмиз. Илмий тадқиқот ишлари олиб боряпмиз, – дейди Султон Хамис университети профессори Холид Захрий. – Бугун табаррук бу зотлар қўним топган гўшани зиёрат қилиш бахти насиб этганидан мамнунмиз. Биз Термизий алломалар ҳақида етарли маълумотга эгамиз, деган фикрда эдик. Аслида инсон бирон улуғ зот тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши учун у киши яшаган жойда албатта бўлиши керак экан. Сафаримиз даврида бунга яна бир бор амин бўлдик.
Халқаро конференция иштирокчилари Шеробод туманидаги буюк муҳаддис олим Исо ат-Термизий мажмуасини ҳам зиёрат қилди.
Икки кунга мўлжалланган конференциянинг очилиш маросими эртага бўлиб ўтади. Анжуман ялпи ва шуьба йиғилишларида давом этади. Унда ислом оламининг машҳур уламолари, таниқли олимлар мавзу юзасидан қизиқарли маърузалари билан иштирок этади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири