Қарши халқаро аэропортида мамлакат аэропортлари орқали ташилган йўловчилар сони 15 миллионга етди. Мазкур кўрсаткичга “Ural Airlines” авиакомпаниясининг Москва – Қарши йўналишида амалга оширилган U6-2457 рейси орқали эришилди.
Юбилей йўловчи сифатида Сарвиноз Бўриева эътироф этилди. У турмуш ўртоғи ва фарзанди билан Қарши шаҳрига етиб келган. “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти вакиллари томонидан йўловчи учиб келиш терминалида кутиб олинди ҳамда унга “Ўзбекистон аэропортларининг фахрий йўловчиси” сертификати, эсдалик совғалари ва Қаршидан Москвага бепул авиачипта учун ваучер топширилди.
Қарши халқаро аэропорти директори Ўктам Қурбонназаровнинг таъкидлашича, йўловчилар оқимининг изчил ўсиб бориши аэропорт инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантириш, хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда халқаро стандартларга мос шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар самарасидир.
– Йўловчилар сонининг 15 миллионга етиши мамлакат ҳаво транспорти тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини кўрсатади. Қарши халқаро аэропортида бундай аҳамиятли кўрсаткич қайд этилгани биз учун масъулият ва ишончни янада оширади, – деди у.
Юбилей йўловчи ҳам ушбу воқеа ҳақида фикр билдириб, кутилмаган эътибор ва эъзоз учун миннатдорлик билдирди.
15 миллионинчи йўловчига хизмат кўрсатилиши “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти фаолиятида муҳим босқич ҳисобланади. Бу ҳолат йўналишлар географиясини кенгайтириш, аэропортларни модернизация қилиш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга қаратилган изчил чора-тадбирларнинг мантиқий натижасидир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири