Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Халқ юраги" туркумидаги ҳужжатли фильмлар намойиши
22:00 / 2021-08-12

Кинематография агентлигида “Халқ юраги” туркуми остида 24 нафар адибга бағишлаб, суратга олинган ҳужжатли фильмларнинг намойиши ўтказилмоқда.

Мазкур фильмлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 май куни Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Адиблар хиёбони”га ҳамда шу йилнинг ноябрь ойида “Ўзбекфильм” киностудиясига ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ҳамда олий таълим муассасалари ҳамкорлигида суратга олинган.

Ушбу туркумдан ўрин олган фильмлар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Огаҳий, Абдулла Авлоний, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Орипов, Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Тўлепберган Қайипбергенов, Муҳаммад Юсуф ва бир қатор адибларнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида.

Намойишда Агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Бош директорнинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, “Ўзбекфильм” киноконцерн” ДУК директори Баҳодир Одилов, фильм ижодкорлари ҳамда ОТМ профессор-ўқитувчилари сўзга чиқиб, бугунги кунда кино соҳасида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида гапирди. Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги ҳужжатли фильм премьераси бўлди.

– Мамлакатимиз раҳбари бекорга адабиёт  халқнинг юраги,  деб таъкидламайди, –- дейди Кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев. – Чунки маънавият, аввало, инсон   қалбига адабиёт  орқали,  бадиий сўз орқали кириб боради. Киноижодкорлар қаттиқ ишлашди. Адабиётшунос олимлар, ёш тадқиқотчилар билан  фикр алмашишди. Қисқа вақт ичида мана шу ҳужжатли филмлар тайёр бўлди.  Озроқ чаласи–  қайта кўриб чиқиладиган ҳужжатли  фильмлар  бор, улар ҳам яқин кунларда  тайёр бўлади. Мустақиллик байрами  арафасида уларни ҳам кенг жамоатчиликка тақдим этамиз.

“Халқ юраги” туркуми остида суратга олинган 24 та фильм Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига катта туҳфа бўлиши режалаштирилган.

Намойишга киномутахассислар, таниқли киноижодкорлар, Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда ОАВ вакиллари ва ёшлар ташриф буюришди. Фильмлар намойишидан сўнг журналист ва блогерлардан иборат Киномедиаклубнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Фикр алмашилди. Фильмлар хусусида танқидий, таҳлилий мулоҳазалар тингланди.

 

Д. Маматова, ЎзА