Халқ ишонч билдириб сайлаган вакил — депутатлар ҳар доим ўз сайловчилари олдида ҳисобдор бўлади. Билдирилган ишончни оқлаши, ўз сайловчиларини ўйлантираётган муаммоларга ечим топиши, зиммасидаги масъулиятни ҳис этган ҳолда мудом уйғоқ ва фаол бўлмоғи лозим.
Ана шундагина халқ вакили деган юксак шарафга муносиб бўла олади, ортида кўз тикиб турган минглаб, миллионлаб сайловчининг дардига малҳам бўлиб, уларга умид бера олади.
Бугунги кунда парламент ва маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган депутатларга кўплаб ваколатлар, имкониятлар тақдим этилмоқда. Бунинг натижасида халқ вакиллари жойлардаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммоли масалаларни ҳал этиш имконига эга бўлишмоқда. Қолаверса, қонунчилигимиздаги янгиликлар, соҳалардаги ислоҳотлар, аҳоли ва тадбиркорларга берилаётган имкониятлар ҳақида кенг тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориб, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий хабардорлигини оширишга кўмаклашмоқда.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам ҳар ойнинг якунида ўз сайлов округларида фаолият олиб бориб, турли соҳа объектларини ўрганишмоқда, аҳоли вакиллари билан мулоқотда бўлиб, масалаларга ечим топиш чораларини кўришмоқда.
Яқиндаги ўрганишлар мобайнида Экопартия фракцияси аъзоси Ноиба Иноятова Шаҳрисабз туман Мираки маҳалласида жойлашган сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишди. Мутасаддилар томонидан маълум қилинганидек, 1979-1985 йилларда “Мираки" шаҳарчасидаги “Ҳисорак” сув омборида 9,1 кМ канализация тармоқлари ва сув тозалаш иншооти қурилган. Йиллар давомида иншоот қувурлари эскириб, таъмирга муҳтож бўлиб қолган эди.

Президентимизнинг тегишли қарори билан Мираки маҳалласида “Оқова сув тармоғини реконструкция қилиш ва 1000 м3/суткали оқова сув иншоотини қуриш” режалаштирилиб, пудратчи қурувчи ташкилот “Ҳисорак гидроқурилиш” МЧЖ томонидан қиймати 21 млрд. сўмлик қурилиш ишлари олиб борилган. Натижада Мираки маҳалласи ҳудудида 6 км оқова сув тармоқлари тортилиб, замонавий СКАДА тизими орқали ишлайдиган 1000м3/суткали оқова сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилган.
Депутат иншоот фаолиятини ўрганиш давомида экологик талабларга риоя қилиш борасида ўз тавсияларини берди.
Ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этишда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар янада фаолроқ бўлиши керак. Чунки улар шу ҳудудда истиқомат қилиш асносида қандай масала аҳолини қийнаётганини, уларни қай йўсинда ҳал этиш мумкинлигини яхши билишади.

Халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгашига ХДПдан сайланган депутат Ш.Шарапов туманнинг бир қатор маҳаллаларидаги ўрганишлари давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида самарали фаолият юритмоқда. Масалан, депутат ташаббуси билан Шаҳартепа маҳалласидаги Сайхун кўчасининг 455 метр қисми асфальт қилинди.
Мазкур туман Кенгашидаги яна бир депутат М.Усмонов ҳам Лойсон маҳалласининг Мулкобод кўчасида 450 метр йўл асфальтланишида ташаббускор бўлди. Энг муҳими, бу хайрли ишлардан аҳоли мамнун.
Йўлнинг таъмирталаб ва ҳаракатланиш учун ноқулайлиги нафақат транспорт воситалари, балки пиёдаларга ҳам муаммо туғдиради. Шундай экан, депутатларнинг ташаббускорлиги ва аниқ натижаларга эришаётгани аҳолига қулайлик яратиш баробарида сайловчилар ишончини оқлаш ва янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА