Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ ва юрт равнақи учун меҳнат қилиб қадр топаётганлар
12:15 / 2023-03-27

Ҳар бир инсонни болаликданоқ ўз олдига қўйган улкан мақсадлари бўлади. Кимдир шифокор, кимдир учувчи, яна кимдир эса ўқитувчи бўлишни орзу қилади. Яна шундай орзу эгалари бўладики, уларни болаликдан янги қурилаётган иморатлар, уларнинг пойдевори, қандай хом-ашёдан бунёд этилаётгани қизиқтиради. Чиройли ва пишиқ қурилган уйларга боқиб, «Катта бўлсам, мен ҳам одамлар учун ажойиб уйлар қураман», дея мақсад қилади. Ана шундай инсонлардан бири Анвар Шукуровдир.

Унинг орзуси орзулигича қолиб кетмади. Барини рўёбга чиқариш йўлида олий даргоҳларда ўқиб, изланди. Буни қарангки, Анвар Шукуров чиндан ҳам ўзи истагандек ажойиб, замонавий уйлар қурилишида иштирок этди.  

Юртимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ у Россия, Польша давлатларида «Роста-Русти» корпорацияси президенти лавозимларида ишлаб, тадбиркорликнинг сирларини пухта ўзлаштирди. Келажак учун амалий тажрибалари натижасида 2000 йилда юртимизда Ўзбекистон-Польша ҳамкорлигида “SHAH-POLAN M” қўшма корхонасини ташкил этишга муваффақ бўлди.  

Корхона қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, консалтинг, меҳмонхона хўжалиги ва инвестиция фаолиятларини кўзда тутиб, 22 кишилик жамоа билан иш бошлаган.  

Кейинги 22 йил ичида ушбу компания томонидан 6 та юқори замонавий технология асосида ишловчи тадбиркорлик субъекти, битта чорвачилик кластери ташкил этилиб, умумий меҳнат жамоаси сони 3000 нафардан ошди.  

Корхона Қашқадарё, Андижон, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида фаолият юритмоқда. 2022 йил якунига кўра, корхона мамлакат иқтисодига ҳисса қўшиб, 50,0 млрд. сўмдан ортиқ солиқ тўланган. Унда фаолият юритаётган ходимларнинг ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.  

Айни кунларда Андижондаги “RASH-MILK” савдо маркаси остида 50 хилдан ортиқ турли нордон сут маҳсулотлари, пастеризация қилинган сутдан қуруқ сутгача, 60 хилдан ортиқ турдаги музқаймоқ ва нордон сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришда замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланилмоқда.  

Анвар Шукуров тадбиркорлик билан бир қаторда, илмий изланиш ҳам олиб бормоқда, хусусан, шу кунгача 6 та китоби ва қатор илмий мақолалари нашр этилган. У 2007 йилдан буён Россиянинг Иқтисод ва хизмат университети фахрий профессори, 2022 йилдан бери Нью-Йорк Фанлар Академияси академиги ҳамдир. Мамлакатимиз иқтисодига қўшаётган ҳиссаси, ёшларни жамиятда халқаро дўстлик ва тотувлик руҳида тарбиялаш йўлидаги ҳиссаси учун «Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил», «Ўзбекистон мустақиллигига 30 йил» эсдалик нишонлари билан тақдирланган.  

Анвар Шукуров нафақат фаол тадбиркор балки катта бир оила бошидир. Икки ўғил, икки қиз ҳамда 12 нафар невара, 4 нафар эвараларнинг суюкли бобосидир. У севимли Халқ шоиримиз Абдулла Ориповнинг қуйидаги "Яхшилик" номли шеърида айтилган ҳикматли сўзларни ўз ҳаётида дастур сифатида кўради:  

Дунёда кўп нарса унутилади:  

Қашшоқлик, мартаба, қувонч, қайғулар.  

Унутилиб борар муҳаббат дарди,  

Унутилар йиллар, йўллар, туйғулар.  

Қирқ йиллик адоват унутилар секин,  

Унутилар ҳатто юракдаги дарз.  

Яхшиларнинг меҳри унутилмас, лекин,  

Унутилмас улар олдидаги қарз.  

Дарҳақиқат, Анвар Шукуров раҳбарлик қилаётган компания томонидан кам таъминланган, муҳтож оилалар ва болалар уйларига йилига 100,0 млн. сўмдан зиёд маблағ хайрия қилинган.  

Бундан ташқари, жисмоний тарбия ва ёшлар спортини ривожлантириш мақсадида компания ҳомийлигида ҳар йили “QARSHI OPEN” халқаро шахмат турнири ўтказиб келинмоқда. Унда чет эл спортчиларининг қатнашиши турнирнинг халқаро миқёсдаги ўрнини кундан-кунга ошириб бормоқда,  

«Дарё сувини баҳор тоширар, одам қадрини меҳнат оширар», деганларидек, у камтарлиги, меҳнаткашлиги ортидан жамоаси ва оила аъзоларига, ёшларга муносиб ўрнак бўлиб келмоқда.  

Юртимиздаги ўзгаришлар ва юксалишлар палласига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Анвар Шукуров бугун табаррук 75 ёшини қаршилаяпти. Унга саломатлик, юрт равнақи йўлидаги хизматларида толмай юришининг тилакдошимиз.  

 

ЎзА