ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, Фарғона вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида ташкил этилган тадбирда дастлаб юрт ҳимоячиларининг ҳарбий оркестр садолари остида тантанали юриши бўлиб ўтди. Янги массивдаги амфитеатр майдонида кечган тадбирнинг асосий қисмида ҳарбий хизматчилар томонидан фахрий қоровул ва қўл жанги чиқишлари намойиш қилинди. Қурол-аслаҳалар кўргазмасида ёшлар Ўзбекистон армиясининг куч-қудрати, замонавий салоҳияти ҳақида маълумотларга эга бўлишди.
[gallery-21159]
Янги Ўзбекистонни барпо этишда тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини, “Халқ ва армия – бир тану бир жон!” тамойилининг моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадига қаратилган фестиваль “Central Aisan Medical University” халқаро тиббиёт университетида давом этди. Талабалар юрт посбонларининг чиқишларини қизғин олқишлар билан қарши олишди.
Шунингдек, Бувайда туманидаги қатор мактабларда ҳам айни мазмундаги тадбирлар ўқувчи-ёшларда чуқур таассурот қолдирди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА