“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ташкилот ва идоралар фаолияти очиқлигини, шаффофлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асослардан бири ҳисобланади. Унда белгиланган тартибларга кўра, вазирлик, идора, ташкилотлар ўзининг расмий веб-сайтида ўз фаолиятига оид очиқ маълумотларни мунтазаб бериб, янгилаб бориши лозим.
Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги, улар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари ҳисобланади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан вазирликнинг 2021 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботини жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжумани ўтказилмаган. Вазирлик фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни кўриб чиқишнинг умумий натижалари ҳақидаги ахборот эълон қилинмаган, вазирлик фаолиятига оид ахборотлар ахборот-кутубхона ва архив фондларига тақдим этилмаган.
Бундан ташқари, вазирликнинг “uzedu.uz” расмий веб-сайтини юритиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Веб-сайт ҳамда очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz)да ҳам очиқ маълумотлар эълон қилинмаган.
Бу камчиликлар Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг мажлисида танқидий таҳлил қилинди.
Мажлисда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ижро этилишини ўрганиш якунлари муҳокама этилар экан, очиқликни таъминлаш йўналишида вазирлик томонидан бир қанча ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқларда 2021 йил давомида ва 2022 йилнинг биринчи чорагида вазирлик раҳбариятининг 150 га яқин чиқишлари ва баёнотлари эълон қилинган, вазирликнинг расмий веб-сайтида вазирлик фаолиятига оид 308 та, телевидениеда 280 та, радиода 35 та, газетада 120 та, веб-сайтларда 420 та, мессенжерларда 720дан ортиқ ахборот материаллари жойлаштирилган.
Аммо шу билан бирга вазирлик, унинг таркибий ва ҳудудий бошқармалари томонидан очиқликни таъминлаш йўналишида йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди.
Амалга оширилган давлат харидлари, давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобига харид қилиниши режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги, давлат харидлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида ташкил этиладиган харид комиссияларининг харид комиссияси таркибини тасдиқлаш ҳақидаги қарори, тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси билан бир қаторда, унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва сақлаш харажатлари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар, вазирликнинг тасдиқланган ярим йиллик ва (ёки) йиллик иш режалари, вазирликка доимий фойдаланиш учун берилган ер майдонлари ва бошқа мол-мулкларни давлат-хусусий шериклик асосида олган юридик ва жисмоний шахслар каби маълумотлар эълон қилинмаган.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Ҳалқ таълими вазирлиги, Андижон, Навоий ва Наманган вилоятлари Халқ таълими бошқармалари ҳамда Республика болалар кутубхонаси, Республика таълим маркази, Инновация, технология ва стратегия маркази веб-сайтлари ишлаб туришига қарамасдан, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифалар умуман бажарилмаган.
Тошкент шаҳри, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятлари Халқ таълими бошқармалари ҳамда Психологик-педагогик республика ташхис маркази, Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби, “Ўқув-таълим-таъминот” ДУК расмий веб-сайтлари эса ишламайди.
Бу каби камчиликлар, ўз навбатида, очиқликка оид қонунчилик талаблари бажарилмаслигига ва бунинг оқибатида эътирозларга сабаб бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА