Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ таълими вазири Тошкент вилоятидаги мактаблар фаолияти билан танишди
09:58 / 2022-05-12

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 5 апрель куни ўтказилган мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича йил бошида белгиланган топшириқлар ижроси, йил якунига қадар устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда халқ таълими соҳасидаги ишларнинг қониқарсизлиги кескин танқид остига олинган.

Тошкент шаҳридаги 69 та мактаб, Сурхондарёда 169 та ва Қорақалпоғистонда 128 та, Сирдарёда 54 та, Фарғонада 162 та, Тошкент вилоятидаги 147 та мактабларда муҳит қониқарсиз деб топилган. 

Замонавий мактаб ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабатлар учун қулай платформа саналади. Таълимнинг сифатини ошириш учун эса авваламбор, бу соҳадаги муаммоларни ўрганиш лозим. 

Шундай экан, таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, Президент томонидан таълим тараққиёти йўлида қўйилаётган вазифаларни оқилона бажариш ҳамда таълим сифатини ошириш борасида Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларнинг энг чекка ҳудудлардаги мактабларгача етиб боришини таъминлаш, ўқитувчиларнинг жамият ривожи ва келажак авлод олдидаги масъулиятини ошириш, мактабларда ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Тошкент вилоятидаги мактаблар фаолияти билан танишди. 

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, мутасаддилар томонидан Юқори Чирчиқ туманидаги 23-сонли мактабда педагог ходимлар ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Вазир ўқитувчи ва мактабнинг юқори синф ўқувчилари билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида  уларнинг касбга тайёрлаш кўникмалари билан танишди.  

Учрашув чоғида вазир ўқитувчининг салоҳияти улар таълим бераётган ўқувчиларда юзага чиқишини, педагог жамият тараққиётига ҳисса қўшувчи энг муҳим шахс ҳисобланиб, шунга яраша ҳаракат қилиши зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, ота-оналар масъулиятини ошириш орқали ўқувчиларнинг таълимга, касб-ҳунарга қизиқишини ошириш ҳамда олий таълимга қамровини кенгайтириш борасида ҳам кўрсатмалар берди. Ташриф давомида мактаб учун китоблар жамланмаси ҳамда зарурий техникаларни тақдим қилди. 

Ўрганиш жараёни Ўрта Чирчиқ тумани “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 124-сонли ихтисослаштирилган ёрдамчи мактаб-интернат ҳамда “Машъал” МФЙдаги 65-сонли умумтаълим мактабларида давом этди. 

Мутасаддилар тумандаги 124-сонли ихтисослаштирилган ёрдамчи мактаб интернатида ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди ва учрашувни  65-сонли умумтаълим мактабида давом эттирди. Қайд этиш лозимки, “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, 784 ўринга мўлжалланган мазкур таълим муассасаси 1989 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда 727 нафар ўқувчиларни ўзида жамлаган. Бу ерда турли хил фанлардан жами 50 нафар ўқитувчи ёш авлодга билим бериб келмоқда.

Вазир 65-сонли умумтаълим мактабининг битирувчи 11-синф ўқувчилари билан мулоқотда бўлиб, уларнинг билимга бўлган интилишлари, келгусидаги соҳани танлаш режалари билан қизиқди. 

Ким қайси касб эгаси бўлишни исташи, нима учун айнан мана шу йўналишни танламоқчи экани тўғрисида суҳбат ўтказиб, ҳозирги глобаллашув ва кескин ривожланиш даврида замон талаби ортиб бораётган соҳалар юзасидан фикрлар билдирди. Вазир ўқувчиларнинг янада кўпроқ китоб мутолаа қилишлари, китоб ўқиш орқали ҳар қандай юксак марраларга эришиш мумкинлигини билдириб, уларга жаҳон адабиёти дурдоналаридан бўлган турли хилдаги бадиий ва адабий асарлар тўпламларини туҳфа қилди. 

Шунингдек, мутасаддилар томонидан ҳудудлардаги мактабларнинг таъмирталаблик ҳолати, моддий-техник воситаларнинг етарлилик даражаси  ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида мактабларга дарс жараёнларини янада қулайлаштириш ва ўқувчиларга тушунарлилик даражасини ошириш мақсадида телевизорлар тақдим этилди. Тошкент вилояти Халқ таълим бошқармаси бошлиғи Азамат Камоловга белгиланган муддатлар ичида вазирлик қошидаги таълим таъминоти бўлими дастурига киритилган тумандаги 20 та мактаб учун 300 та компьютер жиҳозларини етказиб бериш вазифаси юклатилди. 

Вазирлик мутасаддилари Оҳангарон шаҳридаги 3-сонли, Ангрен  туманидаги 7- ва 25-сонли мактаб ҳамда Ўрта Чирчиқ туманидаги 124-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари мавжуд мактабларда бўлиб, педагоглар ва юқори синф ўқувчилари билан суҳбатлашди. Оҳангарон шаҳридаги 3-сонли мактабда 11-синф ўқувчилари ўртасида “Вазир дарси” ташкил этилиб, ўқувчилар ўртасида  математика, кимё, физика каби фанлардан савол-жавоб ўтказилди. Мактабнинг 2 нафар иқтидорли ўқувчисига ноутбук берилди. Бу каби мулоқотлар бошқа мактабларда хам ташкил этилди. 65- ҳамда 3-сонли мактабларга телевизор, 7- ва 25-сонли мактабларга электрон доска тақдим этилди. 

Мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ўқувчиларга шароитларни янада яхшилаш мақсадида келгуси 2023-2026 йилларда Инвестиция дастурларига киритиш белгиланди.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА