Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги миллий тадқиқот институти ва Сингапурнинг “SixClouds Pte.Ltd” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Эндиликда Сингапурнинг “SixClouds Pte.Ltd” компанияси билан имзоланган меморандумга кўра, умумтаълим мактаб ўқувчиларини халқаро баҳолаш дастурларига тайёрлаш (PISA, PIRLS, TIMMS), уларнинг инглиз тилини билиш даражасини ошириш ва бунда анимацион видео контентдан кенг фойдаланишни ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади.

“SixClouds Pte.Ltd компанияси 2017 йил июль ойида ташкил этилган. Фаолиятининг асосий йўналиши мактабгача таълим муассасалари, мактаб ва институт ўқувчилари учун интерактив, анимацион ва рақамли контент тайёрлаш ва шу орқали ўқувчилар билими натижаларини оширишга қаратилган.
Аҳамиятлиси, мазкур компания томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 300 та мактабга, Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида 9 та мактабга ва вилоятлардаги 14 та Президент мактабларига беғараз ёрдам сифатида жами 2,330 миллион АҚШ долларлик инглиз тилини ўқитиш дастурлари тақдим этилган.

Компаниянинг 5 нафар мутахассисини Халқ таълими вазирига маслаҳатчи ҳамда Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари ва Миллий-тадқиқот институти фаолиятини ривожлантиришда хорижий мутахассис сифатида жалб этиш режалаштирилган.
ЎзА