Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ қалбида яшаётган шоира
10:03 / 2026-03-02

Мамлакатимизда Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 111 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида шоира таваллудининг 111 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.  

Ана шундай адабий анжуман Адиблар хиёбонида, Зулфия ҳайкали пойида ўтказилди. Маросимда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, ижодкор зиёлилар, таълим муассасалари вакиллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда Зулфия Исроилованинг адабиёт, миллат маънавий тараққиётида тутган ўрни беқиёс экани, унинг ижоди орқали ўзбек аёлининг нафосати, сабр-матонати адабиётда юксак бадиий ифода топгани эътироф этилди.

Зулфияхоним тимсолида ўзбек аёлининг маънавий қиёфаси, садоқати ва фидойилиги мужассамлиги, бугунги кунда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифа экани қайд этилди. Зулфия ижоди ёш авлодни ватанпарварлик ва маънавий баркамоллик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

—Зулфияхоним — Ўзбекистон халқ шоираси, таниқли жамоат арбоби сифатида нафақат адабиётимиз, балки жамиятимиз маънавий ҳаётида ҳам ўчмас из қолдирган улуғ сиймо, — деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова. – Унинг сермазмун ижоди, фидокорона жамоатчилик фаолияти айниқса хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этди. Шоиранинг асарларида Ватанга муҳаббат, инсонийлик, вафо ва садоқат, тинчлик ва эзгулик ғоялари теран ифода этилган. Унинг шеърлари инсон қалбини поклайди, юксалишга чорлайди, маънавий камолот сари етаклайди. Зулфия ижоди — бу муҳаббат ва садоқат дарсхонаси, маънавият мактабидир.

Тадбир доирасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари мушоираси бўлиб ўтди. Унда талаба- қизлар томонидан Зулфияхоним шеърларидан намуналар ўқиди.  

Тадбирда устоз шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғова Зулфияхонимнинг шеъриятидаги самимият ва руҳий теранлик хусусида тўхталиб, унинг ижоди ўзбек адабиётида алоҳида мактаб яратганини таъкидлади.

Шунингдек, “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова Зулфияхонимнинг ушбу журнал фаолиятидаги тарихий ўрни, унинг хотин-қизлар маърифати ва ижтимоий фикрни шакллантиришдаги хизматлари ҳақида гапирди. Зулфия наинки шоира, балки маънавий тарбиячи, миллат аёллари учун ибрат мактаби эканини таъкидланди.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер эса ўз чиқишида Зулфияхоним ижодидаги Ватанга муҳаббат, вафо, садоқат ва инсонийлик ғоялари адабиётимизда ўчмас из қолдиргани, унинг шеърияти халқ қалбига яқинлиги билан барҳаёт эканига тўхталди.  

Халқимиз азалдан аёлни муқаддас зот сифатида эъзозлаб, унинг оила ва жамият ҳаётидаги ўрнини юксак қадрлаб келган. Ана шу юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодаси сифатида 1999 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Мазкур мукофот иқтидорли, ташаббускор ва юксак маънавиятли қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни янги ютуқ ва марралар сари руҳлантиришга қаратилган давлат эътирофининг нуфузли намунаси.

Бугунги кунга қадар таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ҳамда жамоатчилик фаолияти соҳаларида юқори натижаларга эришган 480 нафар иқтидорли хотин-қизлар ушбу мукофот билан тақдирланган.

Маданий-маърифий учрашувда шоиранинг бой ижодий мероси юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Унинг шеърлари ва достонларидан парчалар ўқилди, мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлар ижро этилди. Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Зулфия ҳайкали пойига гуллар қўйилди.  

Зулфияхоним хотирасига бағишланган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.  

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири