Президентимизнинг 2022 йил 15 январдаги видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Халқ қабулхонаси ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида 24 соат давомида ишлайдиган штаб фаолияти йўлга қўйилди.
– Штабда тумандаги тупроқ йўлларни шағаллаштириш, электр, газ, сув ва кўмир таъминотидаги муаммоларни тезкор ҳал этиш масалалари ва амалга оширилган ишлар таҳлил қилиб борилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ғиждувон туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Усмон Ҳалимов. – 2021 йилда аҳоли мурожаатлари юзасидан тумандаги 113 киломтер тупроқли йўллар шағаллаштирилди. Жорий йилда тумандаги оғир ҳудудлардан бири ҳисобланган Баққолар маҳалла фуқаролар йиғини ва 1-сектор ҳудудидаги Қассабон маҳалла фуқаролар йиғинидаги тупроқли жами 1,5 километр йўллар шағаллаштирилди.
– Сайёр қабулда мурожаатим ижобий ҳал этилди, – дейди Қассабон маҳалла фуқаролар йиғини, Қассабон қишлоғида яшовчи Зокир Ўринов. – Мурожаатимга асосан Қассабон ва Арабон қишлоқларини боғловчи ички тупроқ йўллари шағаллаштирилди.
Таҳлилларга кўра, 2021 йилда туман Халқ қабулхонасига ижтимоий нафақалар, алимент ундириш, моддий ёрдам, газ, сув, электр таъминоти, кредит олиш, йўл қурилиши, транспорт масаласида ва иш билан таъминлашни сўраб мурожаат қилган фуқаролар сони кўпайган. Халқ қабулхонасига келиб тушган ва назоратдаги жами 2 минг 791 та мурожаатнинг 2 минг 541таси яъни 93,3 фоизи қаноатлантирилган. Уларнинг 1 минг 989 таси яъни 73 фоизи бўйича муаммолар ижобий ҳал этилган.
Зариф Комилов, ЎзА