Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ орзуси амалга ошган кун
21:42 / 2025-12-04

Ҳар йили қиш фаслининг илк ҳафтасида юртимизда кенг нишонланадиган Конституция куни аллақачон халқимиз қадриятларидан бирига айланган улуғ байрамдир.

1992 йил 8 декабрь – давлатимизнинг олий ҳуқуқий қудратга эга Қонуни қабул қилинган кун – оддий сана эмас. Бу кун, аслида, истиқлолга эришган Ватанимиз учун янги ҳаёт бошлангани, мустақиллик йўлида муҳим босқич эканини ифодалайди.  

Конституция – оддий ҳужжат эмас, у халқимиз умиди, иймони ва шарафи рамзидир. Давлат раҳбари айтганидек: “Конституция ўзининг моҳияти ва фалсафасига кўра янги ҳужжатдир. Унда коммунистик мафкура ва партиявийлик излари йўқ. Жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи – инсон деган фикр илгари сурилган. Шунинг учун инсон, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг оқилона ечими топилди.”

Қонун матни устида нафақат олимлар ва мутахассислар, балки халқимизнинг ўзи ҳам фаол қатнашди. Дастлаб фуқароларнинг фикр ва таклифлари ўрганилиб, кейин Конституция лойиҳаси тайёрланди ва кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муқаддима халқимизнинг қасамёди билан бошланиши бежиз эмас:

“Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлигимизни эълон қилиб, кўп миллатли Ўзбекистонимиз фаровонлигини таъминлашни мақсад қилган ҳолда, ушбу Конституцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз.”

Конституция ҳар қандай давлатнинг асосий қонуни бўлиб, жамият учун ишлаши ва унинг талабларини қондириши лозим. У мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳаётининг барча асосларини белгилайди ва бошқа қонунлар унинг асосида шаклланади. Шу билан бирга, Конституция қатъий ва ўзгармас ҳужжат эмас; жамиятнинг ривожланиши ва ҳаётий заруриятлар асосида унинг янги таҳрирдаги матни умумхалқ референдуми орқали 2023 йил 1 майда қабул қилинди.

Замонавий Ўзбекистонда халқнинг конституциявий ислоҳотларда фаол иштирок этиши демократик мамлакат тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Эълон қилинган ислоҳот бошланиши билан 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. Энг муҳими, Конституция лойиҳаси айнан шу таклифлар асосида шаклланган ва Янги Конституция том маънода Халқ бош қомусига айланган.

Биринчи бўлим – “Асосий принциплар” давлат шакли, суверенитет ва қонун устуворлигини белгилайди. Иккинчи бўлим эса “Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари”га бағишланган бўлиб, давлат ва халқ ўртасидаги энг муқаддас битимни ифодалайди. Ҳар бир юртдошимиз фикр, эътиқод ва сўз эркинлигига эга. Ҳеч ким қонунсиз айбланиши ёки ҳибсга олиниши мумкин эмас.

Конституция барча фуқароларга инсон сифатида яшашни кафолатлайди. Қаердалигимиз, қайси тил, миллат ёки дин ва эътиқодда эканлигимиздан қатъий назар, қадр-қимматимиз ҳурмат қилинади. Шу билан бирга, Конституцияда фақат ҳуқуқлар эмас, балки фуқароларнинг бурчлари ҳам белгиланган бўлиб, бу давлат ва жамият ўртасидаги аҳдлашувни таъминлайди.

Бош қомусимиз халқимизнинг истиқболга эришиш орзуларини амалга оширди. “Бизнинг қонунимиз – инсон учун, давлат – халқ учун, адолат – барча учун бўлиши” деган қадрият бугун Конституцияга айланди.

Деразадан боқиб, ўтмиш заҳматларини эмас, келажакка умидни ҳис этамиз. Юртимизнинг қонун билан кафолатланган эртаси бор, фарзандларимиз эркин ва тенг ҳуқуқли, орзу ва мақсадлар билан илгарилаб бормоқда. Ҳар биримиз Конституциянинг тимсоли бўлишимиз, қонун ва адолатни ҳаётда амалда акс эттиришимиз лозим.

Қонун фақат саҳифаларда қолмаслиги, балки юракларда жонланиши керак. Конституция эса бизнинг бирлигимиз, ишончимиз ва келажагимиздир. Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат бўлиб, жамият ҳар бир инсоннинг эркинлиги, иззати ва шаънини кафолатлайди. Ҳар биримизга юклатилган бурч нафақат қонунга риоя қилиш, балки уни қадрлаш ва авайлашдир.

Халқимизда “Куч – адолатда” деган нақл бор. Конституция қабул қилинган улуғ санани нишонлар эканмиз, юртимиз истиқлоли, истиқболи нурафшон, халқимиз бирлиги ва эътиқоди адолат билан мукаммал бўлсин!

Ҳ.Дусматов,  

ФарДУ профессори, филология фанлари доктори,  

Н.Ортиқова,  

ФарДУ катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ЎзА