Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Халқ муаммоси қўрқувимдан устун” ёхуд танқидий суратлари билан танилган “инкузарт” ижодига назар
12:39 / 2022-01-28

Сўнги вақтларда юртимизда стрит-арт – кўча санъати намуналари кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. Автомобиль бозоридаги монополия, бeнзин нархининг ошиши танқид қилинган кўча суратлари шулар жумласидан. Хўш, ўз суратларида жиддий муаммоларни акс эттирувчи стрит-артчилар ким ва уларнинг касб машаққатлари нималардан иборат? Мазкур мақолада шу савволларга жавоб топишга уриндик.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимига миллий маданиятимизни кўрсатиш мақсадида 2020 йилдан стрит-артга расман рухсат берилган. Бироқ тасвирлар фақат махсус сайёҳлик объектларида бўлиши кераклиги маълум қилинди.

Стрит-артчилар санъатдан ҳар ким баҳраманд бўлиши учун курашади

Юртимизда коронавирус пандемияси давридаги тиббий ниқоблар билан ҳимояланиш ва иқтисодий инқироз стрит-артнинг илк шов-шувли кўринишлари намоён қилди. Чилонзор туманида «Inkuzart» тахаллусли ўзбек рассомининг кўча суратлари пайдо бўла бошлади. Маҳаллий аҳоли уни аллақачон Бенкси деб аташга ҳам улгурди. Маълумот ўрнида, Бенкси – британиялик рассом бўлиб, дунё бўйлаб ижод қилади.

Сирли ниқоб ортида ким?

«Inkuzart» тахаллуси билан танилган рассом Абдураҳмон Умаров аслида қурувчи. Рассомнинг илк граффитилари коронавирус пандемиясига бағишланган.

Фаришта қанотли шифокор сурати, тиббий ниқоб, кислород ниқобини ушлаб туриб, беморларга ёрдам беришга шай турган шифокор акс этган «Кўз» номли расмлар шулар жумласидан. Улар орасида ниқоб таққан Моно Лиза ҳам тасвирланган.

«Эксперимент қилмоқчи бўлганман. Битта деворни кўриб қолиб ўша ерга чизганман. Бир кундан кейин бўлса керак, интернетда кўчада «Стрит-арт» пайдо бўлибди дея тарқаб кетди», – дейди рассом ўз интервьюсида.

Дeворга чизилган жадидчилар

Рассом навбатдаги ижод намунасини Муқимий ва Чилонзор кўчалари чорраҳасидаги бино деворларидан бирига Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Абдурауф Фитрат портретларини акс эттирган. Унинг энг машҳур ишларидан бири ҳам шулардир. Абдулла Қодирийнинг портрети ёнига «Аҳволимиз» номли ғазалини ҳам ёзиб қолдирган.

Абдураҳмон Умаров: "– Чилонзор туманидаги даҳаларни турли тасвирлар билан бойитаман, у ерни галереяга айлантирмоқчиман. Кейин эса бошқа туманлар, шаҳарлар, мамлакатлар ва қитъаларга ўтаман", – дея маълум қилган.

“Халқ муаммоси қўрқувимдан устун”

«Inkuzart» автомобиль бозоридаги монополия ҳақида машина учун узун навбатларни акс эттирган граффитисини чизди. Сурат АҚШнинг Чилонзордаги эски элчихонаси деворларидан бирига чизилган.

Унда навбат бошидаги қизил бош кийимли инсонни «шапка» тизимига ишора қилинганлигини кўриш мумкин. Ушбу сурат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Кейинчалик эса тўлиқлигича ўчириб ташланди.

«Стрит-арт бу – эркинлик. У ҳар доим ҳам мукаммал эмас. Мен фақат ердаги жаннатни чизган бўлардим, лекин ҳокимиятдагиларга тилёғламалик қилишни билмайман. Кўча деворига чизиш ноқонуний, лекин халқ муаммоси қўрқувимдан ҳам устун».

Расм ўчирилгани билан ҳақиқат йўқолиб қолмайди

Стрит-арт рассоми бензин нархининг ошишига ишора қилиб, навбатдаги ижод намунасини чизди. Суратни ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирининг ёнидаги деворда чизиб қолдирди. Унда дўппи кийган оддий ўзбекистонликларни бензин нархининг ошиши «ўлдириши»га урғу берилган эди. Бу расм ҳам бир неча соатдан кейин ўчириб юборилади.

«Бўяб кетишларининг ўзи ачинарли, албатта, аммо адекват муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан. Ахир расм бўялгани билан ҳақиқат йўқолиб қолмайди. Мен қонунга амал қиладиган фуқароман. Танқидий расмларим асосли ва хайрихоҳлик руҳида чизилган, чунки танқидсиз ривожланиш бўлмайди. Улар нафақат танқидга, балки мотивация ва миллий ғурурга ҳам қаратилган. Мени ҳар доим одамлар илҳомлантирган».

Жамоатчилик фикри

Шунингдек, кўча санъати намуналарига бир қанча ўзбек фаоллари ҳам муносабат билдирган.

Масалан, таниқли блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз телеграм саҳифасида бу борада қуйидагича пост қолдиради:

“Менимча, барча луғатлардан «муаммо» сўзини ўчириш ҳамда аҳоли орасида муомаладан бутунлай чиқариш тўғрисида қонун қабул қилиш керак. Шунда Ўзбекистонда ўз-ўзидан бирорта муаммо қолмас, барчаси ўз ечимини топар эди. Тошкентда «Ўзбекнефтгаз» ёқилғи қуйиш шохобчаси ёнида бензин нархи ошишига ишора қилувчи граффити пайдо бўлди. «Inkuzart» тахаллуси билан фаолият юритадиган маҳаллий граффити рассоми Абдураҳмон 19 ноябрь куни расм чизиш жараёни акс этган видеони эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Ўзбекистонда бензин нархи Туркманистон ва Қозоғистонга нисбатан 2 баробар қимматроқ бўлиб қолаётгани жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда”.

Қолаверса,  Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ва блогер Шаҳноза Соатовалар ҳам ўз саҳифаларида «Inkuzart» тасвирлаган суратларга шахсий муносабатини билдириб ўтган.

«Inkuzart» илк чизган суратлари орқали кўзга ташланди ва суратлари йўқолиб кетишини билган ҳолда ижод қилмоқда. Ҳозирча хулоса қилишга шошилмаймиз, чунки муаммоларсиз жамият бўлмайди. Рассом эса уларни ўз қарашлари ва йўналиши билан чизишда давом этаверади.

Мухлиса АЪЗАМОВА, талаба