Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ муаллифлигида ёзилган ҳужжатларгина тараққиётга хизмат қилади
12:35 / 2022-06-09

Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида бир қатор халқ ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ислоҳотлар амалга оширилди.

Бу авваламбор иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа йўналишларда ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ишларда кўзга ташланмоқда.

Аммо, инсон қадри ва манфаатларининг юксалиши, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик учун қулай бўлган ишбилармонлик муҳитини яратиш, аҳолининг ижтимоий таъминотини тўлақонли таъминлаш борасида бошланган ишлар нафақат қабул қилаётган қонунларимизни, шу билан бирга, барча ҳуқуқий фаолиятимиз учун мустаҳкам асос бўлган Бош қомусимизни ҳам бугунги замон талаблари нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришни талаб этмоқда.

Эътиборли жиҳати – бунда ҳам энг аввало, фуқароларимизнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш, улар томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва ташаббусларни эътиборга олишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Боиси, ушбу ташаббус Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фаолият кўрсатаётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциялари томонидан кун тартибига олиб чиқилган. Бу борадаги дастлабки таклифлар бир йил олдин юртдошларимиз томонидан ҳам илгари сурилган эди.

Жумладан, ўтган Президентлик сайловлари арафасида давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги сайловчилар билан бўлган учрашувида юртдошларимиз томонидан бугун экологик муаммолар кун сайин салбий тус олаётгани, инсонларнинг экология билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби нормалар Бош қомусимизда ҳам ўз аксини топиши борасидаги ташаббуслар илгари сурилган эди.

Албатта, ушбу ислоҳот жараёнида ўтган беш йилликда шаклланган халқ билан бамаслаҳат ҳолда уларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутиб иш кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис 20 май куни Сенат ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилиб, Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш катта куч ва масъулият талаб қилиши, халқимизнинг фикрини тинглаш зарурлиги қайт этилди. Ушбу вазифалар билан шуғулланувчи Конституциявий комиссия ташкил этилди. Бевосита фуқаролар билан мулоқот олиб бориш мақсадида ушбу комиссиянинг матбуот хизмати фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур Конституциявий комиссия таркибига барча ҳудудлардан халқ вакиллари бўлган депутатлар, сенаторлар, жамиятнинг турли қатламлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар ҳамда бошқа бир қатор соҳа вакиллари ва экспертлар киритилди.

Ушбу комиссия аъзолари томонидан юртдошларимиз учун нафақат Республикамиз ҳудудида, шу билан бирга, дунёнинг исталган жойида туриб Конституциямизни ўзгартириш учун таклиф бериш имконияти яратиб берилди. Хусусан, қисқа вақт ичида Конституцияни такомиллаштириш учун фуқароларга ўз таклифларини билдиришининг бир неча кўринишдаги имкониятлари яратилди. Айни кунда юртдошларимиз Meningkonstitutsiyam.uz портали ҳамда махсус Telegram-бот ва колл-марказ орқали таклифларини билдиришмоқда.

Шу билан бирга, жойларда соҳа вакиллари ҳамда фаоллар томонидан турли хил кўринишдаги учрашув ва давра суҳбатлари ҳам ташкил этилиб, уларнинг таклифлари тингланмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, конституциявий ўзгаришлар, қонунчилигимизни такомиллаштириш билан биргаликда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш учун ҳам муҳим бўлган зарурат ҳисобланади.

Сабаби, Тараққиёт стратегиясида белгиланган инсон манфаатлари ва жамият тараққиётини таъминловчи мантиқий кетма-кетликдаги еттита йўналиш ва юзта мақсадни биринчи навбатда бугунги глобал ўзгаришларга юз тутган дунё ҳамжамиятидаги ислоҳотларга мос ва ҳамоҳанг тарзда амалга ошириш ҳаётий зарурат саналади.

Жумладан, Тараққиёт стратегиясида белгиланган Давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқарога хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилиш, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ва инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш каби бир қатор мақсадларни амалга ошириш айнан конституциявий ислоҳотлар натижаси билан бевосита боғлиқ саналади.

Боиси, сўнгги йилларда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган мамлакатларда қонун устуворлигини таъминлаш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш борасида бир қатор ижобий натижаларга эришилган.

Шу сабаб конституциявий ислоҳотларда аввал амал қилган «давлат — жамият — инсон» тамойили янги «инсон — жамият — давлат» тамойилига ўзгартирилиб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамланмоқда. Шу билан бирга, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини ошириш, Конституцияда давлат ёшлар сиёсати, уларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини, ҳуқуқи ва манфаатлари акс эттириш каби йўналишларга устуворлик қаратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бугун амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар аввало, аҳоли фаровонлиги ва мамлакат равнақини янада юксалтиришга, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш орқали дунё ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шу боис, ҳар биримиз Янги Ўзбекистоннинг Учинчи ренессанси учун амалга ошириладиган ислоҳотларнинг ҳамда инсон манфаатларини кўзлаб қабул қилинувчи қарор ва қонунларимизни мустаҳкам ҳуқуқий замини бўлган Бош қомусимизнинг ҳар бир боби ва модалари бўйича ўз фикримизни билдиришимиз даркор.

Зеро, халқ муаллифлигида ёзилган ҳужжатларгина фақат ва фақат тараққиётга хизмат қилади.

Музафара Абдиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати