Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Шу муносабат билан мазкур санъат масканига ёзувчи ва шоирлар, олимлар, адабиёт мухлислари таклиф этилди.
Тантанали тадбирда дастлаб "Маҳмудхўжа Беҳбудий: ҳақ олинур, берилмас" номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид янги Ўзбекистон тараққиётга юз тутган бугунги масъулиятли жараёнларда Маҳмудхўжа Беҳбудий меросини ўрганиш масаласига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 27 декабрь куни қабул қилган “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори маърифатпарвар бобомиз маънавий меросини ўрганишда янги босқични бошлаб берди.
-Маҳмудхўжа Беҳбудий – Туркистон халқини ҳур ва озод кўриш истагида яшаган, шундай эзгу мақсад йўлида жонини фидо қилган,жасорат тимсолига айланган ўлмас сиймо, - деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Уюшма томонидан унинг асарларини чоп этиш борасида тизимли ишлар олиб борилди.
[gallery-26476]
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндаси ҳаёт йўли, фаолиятига бағишланган адабий суҳбатлар, анжуманлар ўтказилди.
Бадиий кўргазмалар ташкил этилди. Театр санъати бўйича драматургларнинг энг яхши асарларини рағбатлантириш мақсадида Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот таъсис этилди.
Буларнинг барчаси улуғ аллома, давлат ва жамоат арбоби Беҳбудий меросини кенгроқ ўрганиш имконини беради.
Тантанали адабий тадбирда ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султон Раев, бир қатор туркий давлатлар адабиётшунос олимларининг Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодий меросига доир фикрлари видеоалоқа орқали иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Шу билан бирга, анжуманда адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Нурбой Жабборов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси илмий ишлар бўйича проректори, профессор, сиёсатшунос олим Эргаш Даминовнинг Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодий мероси, оташин фаолияти ҳақидаги маърузалари тингланди.
Ёзувчилар уюшмаси ёш ижодкорлари томонидан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг навқирон авлодга васиятлари ўқилди. Маърифатпарвар бобомиз фаолиятига оид спектаклдан таъсирчан лавҳалар намойиш этилди.
Миллий мумтоз куй-қўшиқлар, театрлаштирилган лавҳалар кечага ўзгача руҳ бағишлади.
- Бобомизнинг таваллуд тантаналари шундай кенг миқёсда нишонланаётгани учун Президентимиздан ғоят миннатдормиз, - деди алломанинг эвараси Шоҳрух Беҳбудий. – Беҳбудий меросини ўрганишда кўплаб олимлар жонбозлик кўрсатишди ва бу борадаги эзгу ишлар бугун ҳам давом этмоқда. Зеро, миллат яшар экан Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам барҳаёт.
Жадидчилик ҳаракати етакчисининг 150 йиллик таваллуди санасига бағишланган адабий тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА