Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Бухоро вилояти минтақавий вакили ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти Кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
– Меморандум меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини оширишда ҳал қилувчи омил бўлиб, меҳнат соҳасида халқаро ҳамда миллий стандартларни кенг тарғиб этиш, муносиб меҳнат концепциясини рўёбга чиқаришда ижтимоий шериклик механизмларини самарали сафарбар этишда аҳамиятга эга. Шу жумладан, соҳада қонунлар ижроси устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратининг салоҳияти ва самарадорлигини ошириш, ижтимоий-меҳнат соҳасига оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликка оид материалларни кўриб чиқишда ўзаро кўмаклашишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Бухоро вилояти минтақавий вакили Абира Хусейнова. – Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан Омбудсманнинг минтақавий вакилига ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгашига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда унда аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатиш белгиланган.
Қолаверса, малака ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида ходимлар ўртасида касбга оид ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, касаба уюшмалари ташкилотлари юридик хизмати ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимларининг малакасини ошириш, соҳадаги муаммоларни тадқиқ қилиш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш кўрсатилган. Меморандумга кўра, ижтимоий-меҳнат соҳасида Омбудсман ҳамда касаба уюшмаларининг фаолияти натижалари юзасидан ўзаро маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, ижтимоий-меҳнат соҳасига оид қонунчилик ҳамда ҳуқуқ амалиётини такомиллаштириш, ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш юзасидан биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш, тарафларнинг фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказишда бир-бирларига кўмаклашиш, ижтимоий-меҳнат соҳаси қабул қилинган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ҳамкорликда давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказиш орқали кенг жамоатчиликка етказишга келишилди.
Қабул қилинган меморандум, ҳар иккала ташкилотнинг фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА