Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазмалар саройида бадиий фотография устаси, Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси Владимир Гончаренконинг “Халқ маданияти сеҳри” деб номланган шахсий фотокўргазмаси очилди.
Кўргазмада ижодкорнинг портрет жанридаги жами 40 дан ортиқ асарлари ўрин олган. Мазкур фотокўргазманинг очилиш маросимида санъатшунослар, рассомлар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Унда сўзга чиққанлар фоторассомнинг ижодий ишлари, кўргазмадан ўрин олган асарларига юксак баҳо берди.
[gallery-23537]
Томошабинлар кўргазмадаги фотоасарлар орқали Сурхондарё, Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Фарғона вилоятлари, шунингдек Қорақалпоғистон халқининг миллий этнографиясига оид ўзига хос хусусиятлар, ҳар бир ҳудуднинг асрлар давомида шаклланган урф-одатлари ҳамда бетакрор эстетикасини кўриш имконига эга бўлади.
Таъкидлаш керак, Владимир Гончаренко Халқаро танлов ва фотокўргазмаларнинг доимий иштирокчиси, Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси, “Бадиий фотография” секцияси аъзосидир. 2010 йил у Тошкент халқаро фото биенналесининг олтин медалига сазовор бўлган. 2023 йил Wiki Loves Monuments - Халқаро танловининг иккита махсус номинацияларида 1-ўринни эгаллаган.
2024 йил Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистоннинг Россиядаги маданият кунлари” доирасида ижодкорнинг шахсий фотокўргазмаси ташкил этилди. Жорий йил март ойида эса Тошкент шаҳрида шахсий фотокўргазмаси санъат шайдолари эътиборига ҳавола этилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА