Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ конституциясини қабул қилиш учун фуқаролар таклифлари инобатга олинади
12:08 / 2022-10-25

Конституция – асосий қонун, ҳуқуқларимиз кафолати ҳисобланади. Аммо қомус ўзгармас, қотиб қолган ҳужжат эмас. Аксинча, жамият ва давлатда турли ижтимоий муносабатлар ўзгариши билан, инсонларнинг зарурий эҳтиёжларини қондириш мақсадида ҳам конституция замон билан ҳамнафас тарзда такомиллашиб бориши керак.

Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар замирида ҳам шу мақсад мужассам. Конституцияга киритилаётган ҳар бир янги норма эса чуқур  таҳлилдан ўтказилиб қабул қилиниши мақсадга мувофиқ.    

Эътибор қаратиш лозимки, айрим давлатлардаги нотинчлик, хавф-хатар, халқаро ҳуқуқ нормаларининг бузилиши каби ҳолатлар ҳам конституцияга киритилаётган янги нормаларни яна бир бор чуқур таҳлилдан ўтказиш заруратини келтириб чиқармоқда.  

Ёдингизда бўлса, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил ноябрь ойидаги инаугурация жараёнидаги нутқида фуқароларимиз томонидан мамлакатимизда ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган муҳим таклиф конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборатлигига эътибор қаратилган.  

Аввало, сенатор ва депутатлар, кенг жамоатчилик, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини кўриб чиқишимиз кераклиги таъкидлаб ўтилган.  

Назаримизда, конституциявий ислоҳотларда киритилаётган ўзгаришларнинг концептуаллигига алоҳида эътибор қаратиш муҳим. Таклифларни кенг жамоатчилик, олимлар, амалиётчи мутахассислар, тадқиқот институтлари вакилларини жалб қилган ҳолда йўналишма-йўналиш қилиб, ажратиб ўрганилса, фойдадан холи бўлмайди. Ҳар бир таклифнинг қайси бирини Конституцияда, қай бирини қонунларда акс этишини атрофлича таҳлил қилиш лозим.    

Шу ўринда АҚШ Мустақиллик декларацияси асосчиларидан бири Томас Жефферсоннинг қизиқ бир мулоҳазасига эътиборга қаратсак: ҳар 19 йилда конституциялар ўзгариши керак. Негаки шу вақт орасида қарийб аҳолининг ярми янгиланади ва амалдаги конституция уларнинг қизиқишларини тўлиқ қамраб ололмайди.  

Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, 10 та давлатда доимий тарзда конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб борилмоқда. Булар -  Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия ҳамда Ҳиндистон давлатларидир. Конституцияси ўзгармай қолган давлатлар эса деярли учрамайди.  

Айтиб ўтиш керакки, Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мамлакатда муҳим бир янгилик ва ўзгаришларни конституция даражасида янгилаш зарурати пайдо бўлгандагина амалга оширилади.  

Мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам аҳолининг конституция орқали оғирини енгил қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни конституциявий йўл билан ҳал қилиш чораларини кўришдан иборат, десак ҳам мантиқан тўғри бўлади.  

Давлатимиз раҳбари жорий йил 20 июнда конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда муҳим бир концептуал масалага эътибор қаратди. Яъни конституциявий комиссия таклифи асосида парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этилди.  

Амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга. Аммо конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга ошириш, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишига пухта заминдир.      

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 25 июнидан 1 августига қадар конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бўлиб ўтди. Эътибор қаратадиган бўлсак, конституциявий қонун лойиҳасига 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Бу нимадан далолат беради? Демак, фуқароларимиз мамлакатимизда бўлаётган конституциявий ўзгаришларга бефарқ эмас. Буни берилган таклифлар сонидан ҳам кўришимиз мумкин.  

Юртбошимиз жорий йил 6 октябрда Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашувда ҳам ушбу масалага яна эътибор қаратди. Мукаммал, халқчил, конституцияни яратиш учун шошилмаслик кераклиги, халқимиз учун бундай имконият яна қачон бўлиши, шу мақсадда халқ билан яна бир бор маслаҳатлашиш кераклиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.  

Мазкур йиғилишда таъкидланишича, адолатли жамият қуриш, референдумга тайёргарлик кўриш, халқ конституциясини қабул қилиш учун фуқаролар томонидан билдирилган таклифларга жавоб қайтариш лозим. Халқда менинг ҳам таклифларим инобатга олинибди, деган ишонч ҳисси шаклланиши кераклигига урғу берилди.  

Дарҳақиқат, Конституция жамият учун ниҳоятда муҳим ҳужжат эканлиги, унинг ҳар томонлама мукаммал қабул қилиниши, биринчи галда, халқнинг манфаатига хизмат қилса, иккинчидан, инсон ва давлат ўртасидаги ўзаро масъуллик муносабатларини  атрофлича тартибга солади. Конституция орқали давлат ўз ўрни ва нуфузини дунё ҳамжамиятида намоён қилади.  

 

Шерзод Зулфиқоров,  

Жамоат хавфсизлиги университети  

кафедра бошлиғи, профессор.  

ЎзА