Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!
15:22 / 2023-04-10

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан «Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!» мавзусида республика конференцияси ўтказилди.

Анжуманда Конституцияга киритилаётган асосий ўзгартиришларга урғу берилди. Асосий қонунда Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат эканлиги алоҳида бегиланаётгани таъкидланди.

Янгиланаётган Конституцияда барча аҳоли қатламларининг манфаатлари инобатга олингани, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушгани, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олгани, шу маънода янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституцияси бўлаётгани эътироф этилди.

– Янгиланаётган Конституция моҳиятини кенг тушунтиришга оид тарғибот тадбирлари халқимизда катта қизиқиш уйғотмоқда, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо. – Ушбу тарғибот тадбирларида ижодкор зиёлилар, олимлар, ёзувчи ва шоирлар фаол қатнашмоқда. Конституциянинг асосий манбаи бу халқдир. Конституциявий ислоҳотлар орқали Янги Ўзбекистонда инсон қадрини янада юксалтириш бўйича амалий режалар белгилаб олинмоқда. 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдум миллатидан қатъи назар, барча ўзбекистонликларни Ватанимиз келажагига дахлдор муҳим сиёсий жараёнда ягона эзгу мақсад йўлида бирлаштиради.

– 2017 йил Президентимиз "Одам бу дунёга яхши яшаш учун келади", деган гапни айтган эдилар, – деди тарихчи олим, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Тарих институти директори Азамат Зиё. – Дарҳақиқат, яхши яшашга ҳар бир инсон ҳақли. Ислоҳотларнинг моҳияти шундаки, имкониятлар бугун яратилиши керак. Конституциямиздаги ислоҳотлар миллий тарихимизга таянади. Унда ўзлигимиз биринчи ўринда туради. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари унга туғилганидан бошлаб берилади. Янгиланаётган Конституциямизда бу жиҳатлар тўла-тўкис ўз ифодасини топган. Конституциявий ўзгаришлар бу тарихий ўзгаришлардир. Унинг қадр-қимматига етиш керак.

Маълумки, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.

Йиғилишда Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилди, фикр алмашилди.

Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тарихига оид ҳужжатлар кўргазмаси намойиши, Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан Меморандумлар имзолаш ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамиятининг ёш аъзоларига гувоҳнома ва аъзолик нишонлари топшириш маросимлари бўлиб ўтди.

Н.Усмонова, ЎзА мухбири