Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ иродасини таъминлаган маҳаллаларда хавфсиз муҳит ва унинг ҳуқуқий асоси
12:12 / 2025-02-04

Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон ҳаёти маҳалла, оила билан узвий боғлиқ. Бу борада маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, оилаларда ижтимоий-соғлом муҳитни яхшилаш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда.  

Албатта, бу ишларни олиб боришда маҳалла асосий таянчга айланди. Бунда давлатимиз раҳбарининг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлаётир.  

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарорида мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш вазифалари белгиланган. Ҳуқуқбузарликни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни ижтимоий профилактика чоралари тизими орқали ҳал этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида самарали чора-тадбирлар амалга ошириш, шу билан бирга маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишдек долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган.  

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам «Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш» устувор вазифа этиб белгиланган.  

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Маҳалла еттилиги” томонидан бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, нуроний отахон ва онахонларимиз, хотин-қизлар ва ёшларга манзилли ёрдам кўрсатиш, фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш каби бир-биридан муҳим ишлар олиб борилмоқда.  

Хонадонларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ҳар бир маҳалланинг ўсиш нуқталари аниқлаб олинди. “Хонадонбай”, “оилабай” ишлаш тизими, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари жорий этилганига нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамиятининг ҳаваси келмоқда ва эътироф этилмоқда. Ҳуқуқшунос олима сифатида халқаро конференцияларда иштирок этар эканман: олимларнинг маҳалла институтимизга қизиқиши мени қувонтиради. Маҳалла ўзбек халқининг қадимий, тарихий маскани, деб фахр ила гапираман. Дарҳақиқат, бугун маҳалла – ҳақиқий маънавият бешиги. Олим ҳам, раҳбар ҳам, оддий фуқаро ҳам ўз маҳалласи, ўз оиласи ва хонадонига эга. Ҳар бир хонадондаги ҳақиқий аҳвол маҳаллага маълум. Шундай маънавият қўрғонида порахўр, ёлғончи ва фирибгар, худбин ва жиноятчи бекиниб яшай оладими? Албатта, йўқ.  

Фируза Муҳитдинова,  

ТДЮУ профессори,  

Миробод халқ депутатлари кенгаши депутати.