Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ ҳофизи Очилхон Отахонов таваллудининг 101 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ўтказилди
16:47 / 2025-04-08

Ўзбек халқ мусиқасининг йирик намояндаси, бетакрор овоз соҳиби, Ўзбекистон халқ ҳофизи Очилхон Отахонов таваллудининг 101 йиллиги муносабати билан Тошкент вилояти Янгийўл маданият саройида хотира кечаси бўлиб ўтди.

Миллий мақом санъатимиз ривожида Очилхон Отахоновнинг ўз ўрни ва хизматлари бор. 

Очилхон Отахонов санъатга илк қадамини ҳаваскорлик билан бошлаб, Жўрахон Султонов каби устозлардан таълим олди. Устоз-шогирд анъанаси бутун ижодий фаолияти давомида чуқур илдиз отган бўлиб, унинг ижросида халқона лирика ва мақом оҳанглари мужассам эди. 

Устоз санъаткор 1966 йилдан умрининг охиригача мақом ансамблида фаолият юритган. Ҳофиз ижросидаги “Насруллоий”, “Дилраболардин”, “Этмасмидим”, “Дилрабони ахтариб”, “Ватандин яхши ёр ўлмас” каби мусиқий асарлар бугунги кунда ҳам миллий мусиқамизнинг бебаҳо мероси сифатида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси олтин фондида сақланмоқда.

Хотира кечасида Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Матлуба Дадабоева, Ўзбекистон халқ артистлари Фурқат Aшуралиев ва Элмурод Aҳмедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Aҳмаджон Дадаев, шунингдек, мақом санъатида фаолият юритаётган ижодкорлар, олимлар, зиёлилар ҳамда нуронийлар иштирок этди.

Тадбир давомида Очилхон Отахонов ижодига бағишланган ёрқин эсдаликлар, хотиралар ва унинг бой санъат меросига эътибор қаратилди.

Н.Усмонова, ЎзА мухбири