Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан
Иқтисодиётни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватлари ва ижтимоий соҳа объектларини бунёд этиш ва уларни кенгайтириш, реконструкция қилишга йўналтирилган кенг кўламдаги ислоҳотлар натижасида Навоий вилоятининг энг олис ҳудудлари Конимех, Нурота, Учқудуқ, Томди туманлари ва Зарафшон шаҳрининг архитектура қиёфаси тубдан ўзгарди. Овул ва қишлоқлар замонавий кўринишга эга бўлди. Шунингдек, Навоий шаҳри ва унга ёндош туманлар, Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа, Хатирчи ҳудудларига янги Ўзбекистоннинг ёрқин кўриниши, нафаси етиб борганини ижтимоий соҳа объектлари, турар-жойлар, савдо нуқталари, маиший бинолар, дам олиш зоналари тимсолида кўриш мумкин.
Қурилиш соҳасини ривожлантириш, аҳолининг яшаш тарзини юксалтириб сифатли уй-жой, яшаш масканлари билан таъминлаш мақсадларига қаратилган кўплаб ҳукумат қарорлари чиқди.
Айниқса, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида ҳаттоки энг чекка ҳудудлар – маҳаллалар ва қишлоқлар обод ва кўркам гўшаларга айланмоқда.
[gallery-3275]
Навоий вилоятида 2021 йилда 257 та маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш бўйича жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига қадар олиб борилган фаолиятни сарҳисоб қиладиган бўлсак, ҳудудлардаги аҳоли хонадонларини тартибга келтириш ва ободонлаштириш мақсадида, жами 4018 та ишчидан иборат 352 та биригада тузилди. Ушбу тадбирлар доирасида 176 та махсус мототранспорт воситалари, 220 та компрессор ҳамда 289 та махсус техникалар жалб қилинди. Катта гуруҳ бўлиб олиб борилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жараёнида 80 та маҳалла фуқаролар йиғини биноларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 1149 та кўп қаватли уйлар таъмирланди, 9 та масжид биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 154 та қабристон ободонлаштирилди. Бозор инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан 90 та бозорча ва савдо дўкони, 12 та умумий овқатланиш, 63 та маиший ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиб, ушбу тадбирларга аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари маблағлари ҳисобидан 34,3 миллиард сўм сарфланди. Хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқларни туман марказлари билан боғлайдиган замонавий йўллар қуришга алоҳида эътибор қаратилган. Дастур доирасида 124 км ичимлик суви, 526 км электр тармоқлари тортилди, 119 та трансформатор ўрнатилди, 36 км газ тармоқлари таъмирланди, 80 та газ тақсимлаш пунктлари ўрнатилди, 9 815 та аҳоли уй-жойи таъмирланди, 192 км алоқа тармоқлари тортилди, 3 та мактабгача таълим ва 24 та кўп қаватли уй-жойни таъмирлаш объекти фойдаланишга топширилди. 388 км ички йўллар таъмирланиб равон кўриниш олди. Жойлардаги аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида, 470 та махсус спорт (385 та воркаут, 85 та стритбол) майдончалари ташкил этилди, 46 та маҳалла биносини таъмирлаш ва қуриш учун ишлар олиб борилди.
Албатта, бу ишлар кенг жамоатчилик, кўплаб соҳа вакилларининг ҳамкорлигида яратилмоқда. Янгидан барпо этилаётган бинолар, ҳудудлар, кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, электр, газ, сув, алоқа тармоқлари билан таъминлаш мақсадида хизмат қилаётган мутахассислар меҳнатининг самараси бу. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик муносабатлари, қурилиш ташкилотлари ва аҳоли ҳамкорлиги каби янгича фаолият шакллари самарали қўлланилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Обод бўлаётган ушбу масканлар халқимизнинг яхши кунларига, фаровон ҳаётига замин бўлмоқда. Ана шундай эзгу амаллар ҳукуматимиз ва давлатимиз раҳбарининг бевосита бошчилигида амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, Навоий вилоятида жорий йилда янги тартиб доирасида жами 1040 та кўп квартирали уй-жой қурилиши режалаштирилган. Жумладан, Навоий ва Зарафшон шаҳрида 500 та, қишлоқ жойларда 380 та, Кармана туманида 10 та 5 қаватли 20 хонадонли ва Қизилтепа туманларида 9 та 5 қаватли 20 хонадонли уй-жойлар, шунингдек “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ буюртмачилигида 160 та квартирали 8 та 5 қаватли 20 хонадонли уй-жой қуриб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Массивлар жойлари танланиб, ишлаб чиқилган бош режалари тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган. Лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертизадан ўтказилган. Ҳозирги кунда барча массивлар бўйича пудрат ташкилотлари танлаб олинган ва қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини оширишга бевосита хизмат қилаётган яшаш жойлари ҳақида гапирганда, аҳоли пунктларини қуришда комплекс ёндашув асосида уй-жой, турли бино ва иншоотлар билан бирга ҳудудларда ижтимоий инфратузилма объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим, тиббиёт ва маданият муассасалари, янги истироҳат боғлари ва хиёбонлар, фавворалар, болалар майдончалари ва спорт масканлари ҳам бунёд этилишига алоҳида эътибор қаратилаётганини эслаш лозим.
Анъанага кўра, Мустақиллик байрами арафасида жуда кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, таълим масканлари, тиббиёт муассасаси бинолари, савдо комплекслари, маиший хизмат кўрсатиш бинолари фойдаланишга топширилади. Давлатимизнинг шарафли байрами бу йил ҳам ана шундай кўплаб оилаларга уй тўйларини, ташкилот ва муассалаларга янги биноларни тортиқ этади. Бир сўз билан айтганда, қўшалоқ байрамлар бўлиб ўтади.
Навоий вилояти бўйича 24 та мактаб, 11 та мактабгача таълим ташкилоти шу жумладан, Навоий шаҳрида 168 ўринга мўлжалланган Президент мактаби, 110 ўринли Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 80 ўринли Республика кардиология илмий-текшириш марказининг Навоий филиали, Зарафшон шаҳридаги 250 ўринли кўп тармоқли поликлиника бинолари Мустақиллик байрами арафасида топширилиши кўзда тутилган.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда қурилиш материаллари саноати жадал ривожланиб бораётгани ҳам соҳа тараққиётида муҳим роль ўйнамоқда. Биргина уй-жой бинокорлигида фойдаланилаётган сифатли қурилиш материалларининг 95 фоизи маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётгани буни яққол тасдиқлайди. Энг муҳими, бундай ўзгаришлар қад кўтараётган иморатларнинг мустаҳкамлигини ва нархи нисбатан арзонлигини таъминлашга, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.
Навоий вилояти ҳудуди жиҳатдан республикамизда энг катта вилоят ҳисобланади, турли миллат вакиллари, турли маданият уйғунлашган ҳудуд. Вилоятда тикланган Архитектура намуналарида ҳам ана шундай ўзига хос хилма-хиллик кўзга ташланади.
Президентимиз фармони билан Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланди. Стратегияга асосан, 2025 йилга бориб Ўзбекистон шаҳарларининг барчасини ва шаҳар посёлкаларининг 25 фоизини бош режалар билан қамраб олиш белгиланди. Бош режаларни тасдиқлашда жамоатчилик фикри инобатга олиниши белгилаб қўйилди.
Ҳужжатга таянган ҳолда, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги, миллий урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш, жамоатчилик, аҳолининг нуқтаи назарини инобатга олиш мақсад қилинган. Чунки бунёдкор – аҳолининг турмуш тарзини, ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшиши керак. Шу маънода, ҳар бир лойиҳа устида ишлашдан олдин, мана шу жиҳатларга эътибор қаратилмоқда. Янги иншоотлар, ишлаб чиқариш мажмуалари, савдо комплекслари ва бошқа иншоотларнинг қурилиши ҳисобига ҳудуддаги аҳолининг нафақат яшаш тарзи юксалаяпти, балки қўшимча иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланаяпти. Албатта, бу каби тадбирларнинг амалиётга тадбиқ этилиши, соҳага доир фармон ва қарорларнинг ижросини ўз вақтида, муносиб тарзда таъминлаш – бош мақсадларимиздан. Президентимиз таъкидлаганидек, халқимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшаши, ўтаётган ҳаётидан мамнун бўлиши энг муҳимдир.
Омонқул Минглиев,
Навоий вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи.
Сирож Аслонов(сурат), ЎзА.