Ёшлар оромгоҳида “Халқ дипломатияси ва волонтёрлик” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси ва мамлакатимиздаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёшлар ташкилотлари, фаол кўнгиллилар иштирок этди. Мунозарадан кўзланган асосий мақсад халқ дипломатиясининг халқаро алоқаларни мустаҳкамлашдаги аҳамияти, волонтёрлик ҳаракати маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришнинг муҳим воситаси эканини таъкидлашдан иборат.

Иштирокчилар халқ дипломатияси ва волонтёрлик ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, кўнгиллилар ташаббусларининг халқаро муносабатларга ижобий таъсири, халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш каби муҳим масалаларни муҳокама қилдилар. Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан амалга оширилаётган турли лойиҳа ва тажрибаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Марказ раҳбари Қобилжон Собиров халқ дипломатиясининг давлатлараро муносабатларни ривожлантиришдаги беқиёс аҳамиятига тўхталаркан, кўнгилли ташаббуслар ҳам халқлар ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишини қайд этди. Ёшларни ташаббусларда фаол иштирок этишга чорлаб, бу жараён турли мамлакатлар билан янги алоқалар ўрнатиш, шерикликни шакллантиришга ёрдам беришини таъкидлади.

Муҳокамалар доирасида халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, қўшма таълим ва ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш, ёшларни халқ дипломатиясига фаол жалб қилишга йўналтирилган ташаббуслар илгари сурилди.
Тадбир якунида иштирокчилар волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш ва маданиятлараро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш борасида ҳамкорликка тайёрликларини билдирдилар.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА