Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ дипломатияси форумига бағишланган брифинг бўлиб ўтди
18:15 / 2022-05-11

Тошкентда “Халқ дипломатияси – тараққиёт сари ўзаро ҳамжиҳатлик” мавзусида ШҲТ Халқ дипломатияси форумига бағишланган бирифинг ўтказилди.

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қосимжон Собиров юқори даражадаги анжуман кун тартибидан ўрин олган муҳим масалалар, жумладан, иштирокчилар томонидан илгари сурилаётган таклифлар, якуний ҳужжат ва форум доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

Халқ дипломатияси диёримизда тарихан турли шаклда ривожлангани, номи, кўриниши ва воситалари билан ўзига хос хусусият касб этгани, Буюк ипак йўли бўйлаб доимий равишда тараққий этиб келаётгани қайд қилинди.

Айниқса, сўнгги тўрт йил мобайнида юртимизда Халқ дипломатиясига алоҳида институт мақоми берилиб, жиддий аҳамият қаратилаётгани халқаро миқёсда кузатилмаган тажриба экани эътироф этилди.

– 2017 йил Қозоғистонда бўлиб ўтган ШҲТ олий даражадаги учрашувида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ташкилот маконида доимий равишда фаолият юритувчи Халқ дипломатияси институтларини таъсис этиш бўйича муҳим ташаббус илгари сурилган эди, – деди Қ.Собиров. – Ушбу ғоя давлат раҳбарлари томонидан қизғин қўллаб-қувватланган ва якуний ҳужжатда ўз аксини топган.

2018 йил давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу нодавлат ташкилоти бир неча муассисга эга. Айни пайт ҳамкор муасссислар билан бирга халқ дипломатиясини тарғиб қилиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

Брифингда марказ директори мазкур форумни ўтказишдан мақсад ШҲТ доирасида халқ, оддий инсонлар ўртасидаги муносабатда ўзаро манфаатли шериклик ўрнатиш, яхши қўшничилик қадриятларини шакллантиришга кўмаклашиш, дея таъкидлади.

Мамлакатимизнинг ушбу нуфузли ташкилотга раислиги доирасида мазкур форум Ўзбекистонда илк бор ташкил этилмоқда. Биринчиси 2020 йил Ухань шаҳрида ташкил этилган.

– Барча хорижлик иштирокчилар ташаббусларимизни қўллаган ҳолда ўз мамлакатларида Халқ дипломатияси форумлари ўтказилишини маъқуллашди, – дея сўзини давом эттирди марказ раҳбари. – Шу маънода бу галги анжуман нафақат марказимиз томонидан амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, балки айни йўналишда аъзо мамлакатлар билан мулоқот майдонини яратиш имконини ҳам берди.

Дарвоқе, форум доирасида марказ фаолиятига бағишланган “Юракдан юракка интилувчи дипломатия” номли ўзбек, рус, инглиз ва хитой тилларида чоп этилган альбом-китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман мамлакатимизда фаолият юритаётган 16 конфессия вакилларини бир майдонга чорлаб, маълум маънода турли миллат, элат вакиллари ўртасида дўстлик, диний бағрикенглик тамойилларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилди.

Форум якуни бўйича Тошкент коммюникеси имзоланади. Лойиҳаси барча қатнашчилар томонидан бир овоздан маъқулланган ушбу ҳужжатга халқ дипломатиясини мунтазам тарғиб этиш, халқлар ўртасида инсоний муносабатни ривожлантиришда ушбу йўналишдан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар киритилган. 

Улуғбек Маҳмирзаев, Беҳруз Худойбердиев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА