Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди
18:44 / 2021-07-28

Фарғона вилояти ҳокимлигида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги ўттиз тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида Фарғона вилоятидан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, кун тартибига киритилган масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессия кун тартибига кўра, 2021 йил биринчи ярим йиллик даврда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар якуни ҳамда йил якунига қадар белгиланадиган чора-тадбирлар юзасидан вилоят сектор раҳбарларининг ҳисоботи ҳамда секторлар томонидан жорий йил якунига қадар амалга ошириладиган ишлар қайд этилган “Йўл хариталари”ни тасдиқлаш ва бошқа бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

1-секторда амалга оширилган ишлар бўйича вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, сектор раҳбарлари томонидан олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириб борувчи вилоят мониторинг гуруҳи раҳбари Авазбек Ўринбоев, 2-сектор ҳудудида амалга оширилган ишлар ва кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси, 2-сектор раҳбари Бахтиёр Исмоиловнинг ахбороти тингланди.

Шунингдек, солиқ секторида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам иштирокчиларга маълумотлар берилди.

Сессияда кун тартибидаги яна бир масала – вилоятда одил судловни амалга ошириш, суднинг мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш борасида маъмурий судлар томонидан 2021 йил биринчи ярим йиллик давомида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида кўриладиган чора-тадбирлар юзасидан вилоят маъмурий суди раиси Дониёрхўжа Маҳаматов ахборот берди.

Вилоятда норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати юзасидан сессия ишида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Бахрулло Ҳасанов сўзга чиқди.

Сессия ишида Сўх тумани ҳокими томонидан вилоят ҳокими номига ёзма мурожаат келиб тушгани, мурожаатда жорий йилнинг 19-20 июль кунлари Сўх тумани “Ҳушёр” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига сел-тошқин келганлиги натижасида томорқа ерлари ҳамда талофат кўрган хонадон эгаларига “Саҳоват ва кўмак” жамғармасидан моддий кўмак беришни сўралганлиги маълум қилинди.

Мазкур масала юзасидан вилоят ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Холиқовнинг ахбороти тингланди. Сел-тошқиндан зарар кўрган сўхлик фуқароларга моддий кўмак кўрсатиш масаласи депутатлар томонидан тасдиқланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги ўттиз тўртинчи сессиясида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва сессия ўз ишини якунлади.

[gallery-3228]

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА