Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ депутатлари туман Кенгашига янги бино топширилди
20:43 / 2026-01-17

Гулистон туманида Халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини янада самарали ташкил этиш, депутатлар учун қулай иш шароитларини яратиш мақсадида янги таъмирланган бино фойдаланишга топширилди.

Илгари Халқ қабулхонаси сифатида фойдаланиб келинган мазкур бино тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий талаблар асосида янгиланди.

Қайд этилишича, таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш ишларига қарийб 200 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Янги бино депутатлар ва котибият ходимлари учун барча зарур шарт-шароитлар билан таъминланган бўлиб, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, йиғилишлар ўтказиш ҳамда фуқаролар билан очиқ мулоқот олиб бориш имкониятларини кенгайтиради.

Янги бинони фойдаланишга топшириш маросимида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси, сенатор Покиза Аҳмеджанова, Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев, туман ва шаҳарлар Кенгашлари котибияти ходимлари, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур бино келгусида халқ манфаатларига муносиб хизмат қилиши, депутатлик фаолиятини янада фаол ва самарали йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Шунингдек, яратилган янги шарт-шароитлар аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш, муаммоларни тезкор ҳал этиш ва очиқликни таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

– Мазкур бинонинг таъмирланиб, Халқ депутатлари туман Кенгашига фойдаланишга топширилиши нафақат Кенгаш аъзолари, балки аҳоли вакиллари учун ҳам қатор қулай имкониятлар яратади. Илгари Кенгаш аъзолари билан учрашувлар ташкил этишда муайян муаммолар мавжуд эди. Айрим ҳолларда эса зарур шарт-шароитлар таъминланмагани турли ноқулайликларни келтириб чиқараётганди. Энди эса бу муаммолар бартараф этилди. Бундан нафақат Кенгаш аъзолари, балки аҳолимиз ҳам ниҳоятда мамнун, – дейди Дўстлик маҳалласи фаол нуронийси Обиджон ота Абдуллаев.

Тадбир доирасида депутатлар иштирокида семинар ҳам ўтказилиб, унда депутатлик фаолиятини янада фаоллаштириш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Семинар якунида фаол ва ташаббускор депутатлар муносиб тақдирланишди.

Ғулом Примов, ЎзА