Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ демократик партиясининг ярим йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди
10:42 / 2025-07-19

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Сайловолди дастурининг жорий йил биринчи ярмидаги ижроси, партия бюджети ижроси ва асосий кўрсаткичлари муҳокама қилинди.

Пленумда партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, эҳтиёжманд фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларга ечим топиш, янги таклиф-ташаббуслар билан чиқиш, партиянинг позициясини доимий мустаҳкамлаб бориш масалалари ҳақида сўз юритди.

Қайд этилганидек, 2025 йилга мўлжалланган иш режада белгиланган устувор вазифалардан ҳозирги кунга қадар 37 таси тўлиқ амалга оширилган. Шундан 27 таси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партия фракциясининг қонунчилик ташаббуси даражасида, 10 таси давлат органларига таклифларни тақдим этиш орқали бажарилган.

Қонунчилик ташаббуси доирасида 4 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кўриб чиқишга тақдим этилди. Шу билан бирга, 5 та қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига киритилган бўлиб, биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.

Ўтган даврда фракция аъзолари сайлов округларидаги фаолияти давомида 590 марта учрашув ўтказиб, жами 428 та хонадонга бевосита кириб борган. 20 мингга яқин аҳоли вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот ташкил этилган.

Депутатлик бирлашмаларининг Ҳаракат дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини такомиллаштириш, коммунал хизматлар сифати ва нархларини тартибга солиш каби 121 та устувор вазифа белгиланган бўлиб, уларни амалга ошириш юзасидан кенг фаолият юритилмоқда.

Таъкидланганидек, партия Сайловолди дастурини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш мақсадида 2 минг 800 га яқин депутатлик сўрови юборилган. Шундан ҳозиргача 1 минг 837 таси, яъни 67 фоизи ижобий ҳал этилди. Долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 541 марта жойлардаги раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳисобот ва ахборотлари эшитилди. 

Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига фуқаролардан 9 минг 64 та мурожаат келиб тушган. Шулардан ҳозиргача 90 фоизи партия ташкилотлари, депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида ижобий ечим топган.

Пленумда эришилган натижалар хотиржамликка асос бўла олмаслиги, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида жиддий вазифалар тургани, айниқса, иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалаларда қатъий позиция кўрсатиш, шу орқали амалий натижаларга интилишни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.  

Партия олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этишнинг дастурий-мақсадли усулларига ўтиш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлаш, камчиликлар ва фойдаланилмаган имкониятларни чуқур таҳлил қилиш каби вазифалар белгиланди.

Якунда амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан пленум қарорлари қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА