27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари сайлови бўйича сайловолди ташвиқоти 22 сентябрдан эътиборан бошланди. Айни кунларда барча сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллик билан олиб бормоқда.
Хусусан, Халқ демократик партияси фаолларидан иборат волонтёрлик гуруҳлари, бошланғич партия ташкилотлари томонидан янги Сайловолди дастури ҳамда депутатликка номзодларни кенг тарғиб қилиш учун барча ҳудудларда фаол тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Кўчаларга партиянинг “Ҳар бир инсон фаровонлиги учун” шиори ёзилган баннерлар ўрнатилиб, LED экранларда ҳам намойиш этилмоқда.

Пойтахтимиздаги истироҳат боғларидан бирида махсус шохобча ташкил этилиб, аҳолига партия Сайловолди дастуридаги таклиф ва ташаббуслар мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда. Ҳар бир инсон фаровонлиги, жамиятимиз равнақи йўлида курашаётган партиянинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашга чақирилмоқда.
Шунингдек, партиянинг фаолияти ва ташаббусларига оид флаерлар, буклетлар ва янги дастур ўрин олган китобчалар аҳолига тарқатилмоқда.
Тарқатма материаллардан ташқари, партия Сайловолди дастурида ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик принциплари асосида таклиф этилаётган янги ғоялар, Халқ демократик партиясидан депутатликка кўрсатилган номзодлар ҳақида ҳам сайловчиларга маълумотлар бериляпти. Шу билан бирга, аҳоли билан мулоқотлар чоғида юртдошларимиз сайловда фаол бўлишга чақирилмоқда.
Партиянинг ташвиқот ишлари барча ҳудудда фаоллик билан давом эттирилмоқда.
М.Комилова, ЎзА