Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ демократик партияси фракциясининг бир йиллик фаолияти муҳокама қилинди
14:14 / 2020-12-25

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг 2020 йилдаги фаолияти сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналиши давлат ва жамият ривожланиши, том маънода Янги Ўзбекистон бунёд этилишида 5 та таянч, устун вазифасини ўтаётгани, охирги йилларда ана шу муҳим таянчларни мустаҳкамлаш бўйича улкан, стратегик ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, партия томонидан сайловолди дастуридаги 5 та йўналиш бўйича ижтимоий-иқтисодий соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, давлат томонидан ижтимоий масалалар ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фракциянинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги режага асосан 26 та йўналишда қонун ташаббусларини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Бугунги кунга қадар режадан ўрин олган 6 та қонун ҳужжатлари фракция депутатларининг бевосита иштирокида ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Депутатлар ташаббуси сифатида 4 та қонун лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилди. Мисол учун, “яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчаси” тушунчаларини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича қонун лойиҳаси ва концепцияси ишлаб чиқилиб, кўриб чиқилиши учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига юборилди.

Жорий йилда 70 дан ортиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишлаб чиқилган ва кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари жойларда муҳокама қилиниб, улар бўйича 280 дан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳазалар олинди. Ушбу таклифлар тегишли тартибда қўмиталарга тақдим этиб борилмоқда.

Шу билан бирга, фракция томонидан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси сифатида тайёрланиб, хулосалар олиш учун тегишли вазирликларга жўнатилган.

Долзарб аҳамиятга эга муаммолар юзасидан 26 та вазирлик ва ташкилотнинг ахборот-ҳисоботлари танқидий эшитилди. Эшитув якунларига кўра, муаммоларни бартараф этишга қаратилган тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда, шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди.

Маълум қилинишича, фракцияга фуқаролар томонидан 4 минг 508 та ёзма, виртуал ва оғзаки мурожаат келиб тушган. Уларнинг 2 минг 809 таси қонунчиликка асосан тегишлилиги бўйича вазирлик ва ташкилотларга юборилиб, муҳокамалар ўтказилган. Мурожаатларнинг 2 минг 326 тасини ижобий ҳал этилган. Бундан ташқари, фракция аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 27 марта депутат сўрови юборилган.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларининг 17-21 декабрь кунлари ўз сайлов округларида ўтказган учрашувларида кўтарилган масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

М.Қудратуллаева, ЎзА