Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда масъулларнинг аҳоли билан бевосита мулоқоти, одамларнинг яшаш шароитларидан хабардорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этди. Тадбир аввалида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) Бош котиби Султон Раев ҳамда вазир Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) Бош котиби Султон Раев Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида 2026 йил – “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” тадбирлари доирасида вилоятда ўтказиладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Белгилаб олинган тадбирларда туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Андижон шаҳрини халқаро миқёсдаги нуфузини кўтариш, Андижонни туркий дунёнинг маданий марказларидан бирига айлантиришга қаратилган кенг қамровли тадбирларни ташкил этиш, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш асосий йўналиш сифатида белгиланди.
[gallery-27579]
Шундан сўнг Маданият вазири Андижон вилоятининг қатор ҳудудларида бўлиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ислоҳотлар жараёнлари билан яқиндан танишди, аҳоли ва ёшлар билан мулоқот ўтказди.
Бугунги кунда Андижон вилоятида 126 та маданият ва санъат муассасаси, жумладан, 3 та театр, Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби, 1 та мусиқага ихтисослаштирилган мактаб-интернат, 29 та болалар мусиқа ва санъат мактаби мавжуд.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат филармонияси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, Ўзбек миллий мақом санъати маркази вилоят бўлимлари, кўзи ожизлар кутубхонаси ва унинг 13 та филиали, 16 та туман, шаҳар маданият бўлими, 71 та маданият маркази, кўплаб маданият ва истироҳат боғлари фаолият юритмоқда.
Вазир Андижон туманидаги “Бахт” маҳалла фуқаролар йиғинида “Маданият маҳалладан бошланади” ғояси асосида олиб борилаётган ишлар, хусусан, маҳаллада жойлашган 12-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби, “маҳалла еттилиги” фаолияти билан ҳам танишди. Тумандаги Тахтакўприк, Қўшариқ маҳаллаларидаги эҳтиёжманд оилалар хонадонларида бўлиб, оила вакиллари билан суҳбатлашди, уларнинг яшаш шароитлари билан қизиқди, муаммоларини эшитди, эҳтиёжманд оилаларга совғалар топширди.
Андижон тумани маданият марказида “Вазир ва ёшлар учрашуви” доирасида туман ёшлари билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда ёшлар ўзларининг таклиф ва ташаббусларини билдирди. Маданият, ижод ва ёшлар бандлигига оид қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Самимий мулоқотда вазир бугунги кунда ёшларга берилаётган кенг имтиёзлардан самарали фойдаланиш, имконият ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.
Вазир Андижон тумани Ойжамол маҳалласи, Навбаҳор кўчасида яшовчи, 1-гуруҳ ногирони Шерзодбек Акбаров хонадонида ҳам бўлиб, оиладаги яшаш шароити билан танишди, суҳбатлашди.
– Озодбек Назарбеков ҳолимдан хабар олиш учун хонадонимизга келганидан кўнглим тоғдай кўтарилди. Юртимизда мен каби кўнгли ярим инсонларга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, эзгу ва хайрли ишлар олиб борилаётганлиги учун мана шундай ишларнинг бошида турган барча инсонларга катта раҳмат айтаман, – дейди Шерзодбек Акбаров.
Озодбек Назарбеков Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишлаб, Андижон вилояти қўғирчоқ театрида ўтказилган “Назм ва наво” адабий-маърифий кечада ҳам иштирок этди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.