ЎзА кузатуви: Ўзбекистон амалдорлари ҳафта давомида қандай ишлар билан шуғулланди?
Раҳбарларнинг иш фаолияти бир қарашда уларнинг кундалик юмушларини ифодалайди. Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрилса, хайрли ташаббусларининг ижтимоий моҳиятини англаш қийинмас.
"ЎзА кузатуви" лойиҳаси доирасида биз яна Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг ҳафталик фаолиятига назар ташладик.
Вазирлик матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, жорий йил 14 февраль вазир Иброҳим Абдураҳмонов Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида бўлиб ўтган Тошкент давлат техника университети олимлари томонидан яратилган инновацион ишланмалар кўргазмаси ишига старт берди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, тижоратлаштириш мақсадида тақдим этилган ишланмаларнинг умумий сони 50 тага яқин бўлиб, уларнинг аксарияти университетнинг ёш олимлари томонидан яратилган.
Мазкур ишланмалар энергетика ва муқобил энергетика тизимлари, кимё ва кимёвий саноат, кончилик ҳамда нефть ва газ саноати техника ва технологиялари, робототехника атроф муҳит муҳофазаси, материалшунослик ва замонавий янги материаллар йўналишларидаги инновацион ва стартап лойиҳалар натижаларидир.
15 февраль куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация ЎзРФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти биносига ташриф буюриб, амалга оширилган таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини кузатди.
Шу куни Иброҳим Абдураҳмонов ЎзР ФА Ботаника институти фаолияти билан танишди. Институт раҳбарияти, олимлари, тадқиқотчилари билан суҳбат чоғида ўсимликлар оламини ўрганиш соҳасидаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда ноёб ботаник коллекцияларни сақлаш шароитини яхшилаш масалалари муҳокама этилди.
Бундан ташқари вазир «Сколково» Москва бошқарув мактаби проректори Евгений Каганер билан учрашди. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг инновацияларга масъул проректорлари учун «Сколково» марказидаги олий ўқув юртларида «бошқарув» ўқитиш дастурини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди.
16 февраль куни Инновацион ривожланиш вазири Ўзбeкистон Рeспубликаси Инвeстициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбeкистон тeхник жиҳатдан тартибга солиш агeнтлиги ҳузуридаги Ўзбeкистон миллий мeтрология институтида бўлиб, институт инфратузилмаси, лабораториялари, ходимларга яратилган шароитлар билан танишиб, институт раҳбарлари ва илмий ходимлари билан учрашди.
17 февраль куни масъул бошчилигидаги делегация Сирдарё вилоятида хизмат сафари билан бўлди. Иброҳим Абдураҳмонов раислигида Гулистон давлат университети Кузатув кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
18 февраль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Жаҳон банкининг «Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасидаги танловларга бағишланган вебинар ўтказилди.
Видеоконференцалоқа орқали ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислигидаги тадбирда 100 дан ортиқ проректорлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, лойиҳа ҳузуридаги Халқаро эксперт кенгаши аъзолари иштирок этди.
Ўтган ҳафтада вазирликнинг икки марта ҳайъат йиғилиши ўтказилиб, И.Абдураҳмонов раислик қилди. Йиғилишда 20 дан ортиқ илмий лойиҳалар муҳокама қилинди ва улардан муносиблари молиялаштиришга тавсия этилди.
Бундан ташқари Ҳайъатда «Яшнобод» инновацион технопарки лойиҳаларининг резидентлик мақомини узайтириш масаласи кўриб чиқилди.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА