Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев иштирокида Оҳангарон туманининг қўшни Тожикистон Республикасининг чегарадош ҳудудида жойлашган Қизилой маҳалласи аҳолиси билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, шунингдек, 13-январь куни Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни жамоатчиликка етказиш, уларнинг ижросини таъминлаш чора-тадбирларини тушунтиришга қаратилди.
Дастлаб Президент маслаҳатчиси томонидан Мурожаатномада белгиланган олтита устувор йўналишнинг мазмуни атрофлича ёритилди. Ушбу йўналишларнинг ҳар бири халқ фаровонлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, таълим ва тиббиёт сифатини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш каби муҳим мақсадларга хизмат қилиши алоҳида мисоллар орқали тушунтирилди.

Шундан сўнг, Қизилой маҳалласи аҳолиси билан очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилди. Учрашув давомида фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларни бевосита баён қилди. Хусусан, маҳаллада ичимлик ва оқова суви, электр таъминоти билан боғлиқ қатор муаммолар, шунингдек, ҳудуддаги 39-умумтаълим мактабининг қўшимча биноси капитал таъмирга муҳтож экани айтилди. Шу билан бирга, ҳудуддаги 40-умумтаълим мактаби ҳудудида сунъий қопламали мини стадион қуриш зарурлиги каби масалалар ҳам кўтарилди.
Мулоқотда ушбу муаммоларни ижобий ҳал этиш, маҳаллага “Янги Ўзбекистон қиёфаси”ни олиб кириш юзасидан тегишли соҳа раҳбарлари ва масъулларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда ижро муддатлари белгиланди. Ичимлик ва оқова суви, электр таъминотига оид масалаларни қисқа вақт ичида бартараф этиш бўйича чоралар кўриш вазифаси қўйилди. Умумтаълим мактабларига оид ҳолатлар эса шахсан ўрганилиб, жойига чиққан ҳолда ҳал этилиши маълум қилинди.
Мулоқот жараёнида ижтимоий ҳимоя масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган оилалар, уйида ётиб қолган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор вазифалардан бири экани таъкидланди. Шу муносабат билан маҳалладаги 4 нафар фуқарога бир кун муддат ичида ногиронлик аравачаси бериш, зарур тиббий дори-дармонлар билан таъминланиши айтилди.

Тадбир давомида маҳалладаги муаммоларни ҳал этишда фақат моддий масалалар эмас, балки маънавий-маърифий ишлар ҳам муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди. Шу боис туман маданият бўлими ва Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими билан ҳамкорликда маданий тадбирлар, адабий кечалар, мушоира ва маърифий учрашувларни мунтазам ташкил этиш бўйича тавсия қилинди.
Шунингдек, учрашувда ишсиз фуқароларнинг мурожаатлари ҳам тингланди. Уларни доимий иш билан таъминлаш масаласи юзасидан шу ернинг ўзида “Олмалиқ КМК” АЖ масъуллари томонидан аниқ чораларни амалга оширишлари белгилаб олинди.
Самимий ва очиқ руҳда ўтган мазкур мулоқот аҳолининг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Фуқаролар ўзларининг таклиф ва муаммоларига бевосита эътибор қаратилаётганидан мамнун эканликларини билдирди.
Учрашув якунида Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов сўз олиб, Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг тумандаги ижроси масъуллар ҳамда аҳоли билан биргаликда олиб борилишини таъкидлади.
А.Мусаев, ЎзА.