French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ билан ишлашни ўрганган одам ҳар қандай ишни уддалайди
16:34 / 2026-03-10

Бу ўн йиллик ўқитувчиликдан сўнг туман ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи вазифасига тайинланиб, қисқа вақтда бу масъулиятли вазифани муносиб уддалаётган Ноила Камбаридинованинг ҳаётий хулосаси.

Ноила Камбаридинова Тойлоқ тумани ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 мартдаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ юртимизнинг фидойи ва ташаббускор хотин-қизлари қаторида у ҳам “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

– Аёл учун биринчи навбатда оила манфаатлари устун бўлиши керак, шундагина бугун оилаларда учраётган турли нохуш ҳолатлар кузатилмайди, – дейди Ноила Камбаридинова. – Самарқанд давлат университетининг тарих факультетида ўқидим. Халқимизга хос анъанага мувофиқ, университетни битириб турмушга чиқдим. Бирин-кетин уч фарзандли бўлдим, аммо ишлашим керак, карьера қилишим зарур, деб оилам тинчлигини бузганим йўқ. Имкон топиб, магистратурада ўқидим. Фарзандларимни мактабгача таълимга бергач, ишлашим учун имконият яратилди. Меҳнат фаолиятимни Тойлоқ туманидаги 59-умумтаълим мактабида ўқитувчиликдан бошладим. Мактаб ҳаётга бўлган қарашимни ўзгартирди. Халқ билан ишлашни ўрганган одам ҳар қандай ишни уддасидан чиқади. Бу менинг ҳаётий хулосам. Ўн йил ичида оддий ўқитувчиликдан мактаб директорлигигача етиб бордим. 2022 йилда ушбу вазифа – Тойлоқ туман ҳокими ўринбосарлиги ишониб топширилди. Тўрт йилдирки туманимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилиб келяпман.  

Кўпчилик қизиқтирадиган савол бор: мактаб осонми ёки ҳокимият? Мен учун ҳар иккисининг алоҳида ўрни бор. Айниқса, ўта оғир масъулияти! Сир эмас, хотин-қизлар масаласи бугун анча долзарб. Жамият устуни бўлган оила тақдири аёллар билан боғлиқ. Ўтган давр мобайнида амалга оширган ишларимиз ўз натижасини бериб, ажримлар сонини қисқартириб бормоқдамиз. Бунда асосий омилларни ўрганган ҳолда ёндашувни ўзгартирганимиз натижадорлик сезиларли ошишини таъминламоқда. Ўрганишлар давомида ажрим келиб чиқишининг асосий сабаблари миграция, ёшларнинг оилага тайёр эмасликлари ва шаръий никоҳлар эканлиги аён бўлди. Бугунги кунда айнан ушбу йўналишларда қатъий чора-тадбирларни амалга оширяпмиз.  

Ҳафтанинг душанба куни туманда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ажримлар билан ишлаш куни деб белгиланган. Тизимли ишлар ўз самарасини бераётгани рақамларда ҳам ўз аксини топмоқда.  

– Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва эътирофи фаолиятимиз самарадорлигини янада ошириш учун ўзига хос куч-ғайрат бағишлади, – дейди “Шуҳрат” медали соҳибаси Ноила Камбаридинова. – Бундан буён ҳам юксак ишончга муносиб бўлиб, зиммамдаги масъулиятни шараф билан бажаришга интиламан.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари