Нукусда III Халқаро бахшичилик санъати фестивали арафасида Қорақалпоғистон халқ бахшиси Амет Тарийховнинг 100 йиллигига бағишланган бахшилар кўрик танлови бўлиб ўтди.
Қорақалпоқ миллий бахшичилик санъатини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган танловда 40 нафардан зиёд бахши иштирок этди.
Танлов якунида ғолиблар аниқланди. Нукус шаҳар 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Гулшинар Қудайбергенова биринчи ўринни эгаллаб, ғолиб бўлди. Иккинчи ўринни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали бахшичилик ва достончилик таълим йўналиши талабалари Н.Караматдинова ҳамда А.Айтбаевлар, учинчи ўринни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари А.Алимбаев ҳамда Н.Қудайназаровалар, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси Ў.Азербаевлар эгаллади. Шунингдек, танловда Хўжайли туман 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси О.Жолдибаев “Энг яхши достон ижрочиси”, Хўжайли туман 5-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Е.Ўринбаева “Энг яхши оҳанг эгаси”, 12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Ш.Утегенова “Энг яхши қўшиқ ижрочиси", ўқитувчиси Е.Ўринбаева “Энг яхши оҳанг эгаси”, Қорақалпоқ давлат университети талабаларидан М.Алекеев “Энг яхши эр бахши овози” ҳамда Г.Турғунбаева “Энг яхши қиз бахши овози” номинацияларига муносиб деб топилди.
–Мазкур танлов иқтидорли ёшлар кўп эканлигини яна бир маротаба исботлади, – дейди ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон халқ бахшиси Ғайратдин Утемуратов.– Иштирокчилар, айниқса, “Қирмандали”, “Саятхан-Ҳамра”, “Юсуп-Ахмет”, “Базирген” каби достонлардан парчаларни моҳирлик билан ижро этди. Шунингдек, жорий йилнинг май ойида Сирдарё вилоятида бўлиб ўтадиган III Халқаро бахшичилик санъати фестивалига номзодлар танлаб олинди. Жумладан, иштирокчилар орасидан қиз бахши Улдаўлет Сарсенбаева, бахши Ерисбай Асқаров, жиров Саламат Аяпов ҳамда созанда Қилишбай Алламуратовлар халқаро фестивалга йўлланмани қўлга киритди.
[gallery-11560]
Танлов ғолиблари диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА