Халқ банки 1875 йилда Тошкент шаҳрида бирламчи жамғарма кассалар сифатида ўз фаолиятини бошлаган. Бугун банк ўзининг 196 филиали, 106 та Банк хизматлари маркази ва 2 минг 260 га яқин кассалар тармоғига эга энг кенг тармоқли молия муассасаси ҳисобланади.
– Бугунги кунда Халқ банки 6 миллиондан ортиқ жисмоний шахсга 200 мингдан зиёд юридик шахсларга хизмат кўрсатмоқда, – дейди Халқ банки Бошқаруви раиси ўринбосари Тоҳиржон Раҳмонов. – Халқ банки мижозлари бўйича Ўзбекистонда биринчи ўринда туради. Ундан ташқари филиалларимизда банкоматлар сони 3 минг 111 та. Айни вақтда олис ҳудудларда ҳам Халқ банки банкоматлари ўрнатилган. Банкни рақамлаштириш, серверлар, хизмат кўрсатадиган дастурларни модернизация қилиш мақсад қилинган.
Маълумки, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва энг муҳими, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш ижтимоий соҳанинг муҳим йўналишларидандир. Шу боис, Президентимиз томонидан мазкур йўналишни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бинобарин, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар опа-сингилларимизнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга имкон яратмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 17 миллиондан зиёдини хотин-қизлар ташкил қиляпти. Уларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш учун Халқ банки томонидан жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва уларга кредит олишда амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилди.
Халқ банки жуда кўплаб давлат дастурларида иштирок этиб келмоқда. Банкнинг асосий фаолият йўналиши аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган. Бугунги кунда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида тижорат банклари ҳамда Халқ банки зиммасига хотин-қизларнинг лойиҳаларини молиялаштириш вазифалари юклатилган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/cBWcGmRlvMM" title="Халқ банкининг 148 йиллиги нишонланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бу йўналиш Осиё тараққиёт банки экспертлари томонидан ҳам маъқулланди. Яъни, аёлларни тадбиркор қилиш, уларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш, ҳар хил йўналишда техник кўмаклар бериш орқали бутун республикамизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашилмоқда. Ҳозирда Халқ банкининг ҳар бир филиалида биттадан аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича бошқарувчи ўринбосари ташкил қилинган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА