Андижон шаҳрида ижтимоий ва турмуш шароити оғир, ишсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш ва тадбиркорликка жалб этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Акциядорлик тижорат Халқ банки вилоят бошқармаси ҳамда Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар хусусида сўз борди.
Тадбирда Халқ банки вилоят бошқармаси мутахассислари, Андижон шаҳридаги 83 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги бир гуруҳ аёллар иштирок этди.
Андижон шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Наргиза Улуғбекованинг маълум қилишича, ҳозирга қадар Андижон шаҳрида “Аёллар дафтари”ни шакллантириш жараёнида 87 минг нафарга яқин аёлнинг шарт-шароитлари ўрганиб чиқилиб, уларни қийнаётган 16 мингга яқин муаммо аниқланган. Бундан ташқари, 995 нафар аёл ўз тадбиркорлигини бошлаш истагини билдирган.
[gallery-1097]
– Мақсадимиз шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллалардаги қийин шароитда яшаётган, иш билан банд бўлмаган аёлларнинг муаммо ва имкониятларини ўрганиш орқали уларга кўмаклашишдир, – дейди Халқ банки Андижон вилояти бошқармаси бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Дилдорахон Зулунова. – Ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлаётган ишсиз аёллар бу борада муайян билимга эгами, банк кредитидан фойдалана оладими, маҳсулот тайёрлаш, сотиш, кредитни қайтариш имкониятлари қай даражада? Ана шу йўналишларда опа-сингилларимизга зарур билим, тушунча, тавсия ва маслаҳатлар бериш бизнинг асосий вазифамиздир.
Семинарда Халқ банки вилоят бошқармаси Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ҳамда “Ҳунарманд” уюшмалари вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, ҳудудларни ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда бизнес-лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатиш ва кредит олишларига кўмаклашиш, кредит ажратилгандан сўнг хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган ишлар олиб борилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, банк мутахассислари томонидан иштирокчиларга бизнес-лойиҳалар тайёрлаш, кредит олиш тартиблари, кредитдан мақсадли фойдаланиш ҳамда тадбиркорликни самарали юритиш сингари қатор масалалар юзасидан кенг маълумотлар берилди.
– Маҳалламизда бир неча аёл тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, яна бир гуруҳи ўз фаолиятини кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш мақсадида кредит олиш бўйича мурожаат қилган, – дейди Андижон шаҳридаги “Хурсандлик” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Улфатхон Тешабоева. – Ушбу семинар айнан ана шу мурожаатларни ижобий ҳал этиш, энг асосийси, ишсиз опа-сингилларимизнинг бандлигини таъминлашга ёрдам беради.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА