Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ банки меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун сумалак сайлини ташкил этди
17:02 / 2022-03-17

Ҳадисларда cаховат – бир дарахт, унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради, кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади дейилган. Эҳсонинг энг буюги, энг яхшиси етим-есирларига қилинганидир. Кам таъминланган, ногиронлар, ота-онаси йўқ етимларга мурувват кўрсатиш халқимизнинг қон-қонимизга сингиб кетган.

Айниқса бу фазилат байрамлар арафасида яна ҳам кўпроқ намоён бўлади. Халқ банки ҳам Наврўз умумхалқ байрами арафасида яна бир хайрли тадбирни амалга оширди. 

Ўсиб келаётган авлодга эътибор кўрсатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, ҳолидан хабар олиш, байрам арафасида уларга кўтаринки кайфият улашиш мақсадида Тошкент вилояти, Чирчиқ шарҳидаги 14-сонли меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болалар учун Наврўз ва сумалак сайли ташкил этилди. 

Меҳрибонлик уйи ҳовлисида болажонларнинг шўх кулгиси янграмоқда. Жажжи қизалоқлар миллий либосларда баҳорни мадҳ элтувчи куй-қўшиқларга рақсга тушди. Ҳаволининг ўртасида дошқозонда болажонлар учун сумалак тайёрланди. Сумалак атрофида ўғил-қизлар баҳорий куй-қўшиқ садолари остида рақсга тушди. АТ “Халқ банки” ходимлари меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари қувончига шерик бўлишди. Сумалак атрофида чиройли тилаклар билдирилди, дуолар қилинди. 

– Дунёдаги энг жарангли ва ёқимли садо бу бола кулгиси ҳисобланади, – дейди Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли меҳрибонлик уйи директори Фарида Кенжаева. – Ана шу беғубор кулгу доим жаранг сочиши учун болага биринчи навбатда меҳр-муҳаббат ҳамда доимий эътибор зарур.  Бугунги байрамда болажонларимиз ана шундай туйғуни яна бир бор ҳис қилди. Юртида илиқ муносабатни ҳис қила олган болагина энг бахтли инсонга айланиши мумкин. Болалар ҳаётимизни қуёш каби мунаввар этишади. Уларнинг кўзларига боқиб, қалбларидаги меҳрини ҳис қилиш мумкин. Эътиборлиси эса атрофдагиларда улашаётган ана шу меҳри эвазига, бола ҳеч нарса сўрамайди. Унга кўрсатилаётган эътибор эса бола қалбида бир умрга муҳрланади. Мазкур банк Меҳрибонлик уйимизнинг доимий ҳамкори. Шу байрамни ташкиллаштирган ташкилотчиларга раҳмат. 

Сумалак сайлидан сўнг байрам дастурхон атрофида давом эттирилди. Унда болажонлар учун дастурхон безатилиб, баҳорий таомлар улашилди. 

Байрам болажонларнинг саҳна чиқишлари, Халк банки ходимлари ва мехрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирокида шоулар, концерт дастури билан янада мароқли бўлди. Маълумот ўрнида айтиш жоиз ҳозирги кунда мазкур даргоҳда 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 78 га яқин ўғил қизлар тарбияланмоқда. Уларнинг орасида бугунги кунда Жаҳон чемпионлари, ақлли ва иқтидорли болалар етишиб чиқмоқда. 

– Бу байрам мен учун жуда ажойиб ва унутилмас бўлди, – Алина Селезнева. – Сумалак сайли ҳақиқий байрамга айланди. Айниқса, банк томонидан берилган совғалар жуда ёқди. Чунки унда ҳар хил қизиқарли асарлар жамланмаси, смарт соатлари ва бошқа эсдалик совғалар бор эди. Байрамга атаб шундай тадбирни ташкиллаштирган ака-опаларимизга катта раҳмат. Наврўз байрамини мен меҳр байрами, деб тушунман. Чунки бу байрамда бизга кўпчилик меҳр улашади... 

Байрам Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг хурсандчиликларига уланиб, кечгача давом этди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА