Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ банки корхона ривожига ҳисса қўшмоқда
12:30 / 2024-10-24

Ўзбекистонда чарм саноати ривожида Халқ банкининг ҳисса катта. Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини кенгроқ бозорга олиб чиқиш учун ажратилаётган кредитлар корхоналар учун катта имконият яратмоқда.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашган оилавий корхона – “Bek Bags Business” МЧЖ бунга ёрқин мисолдир. Аёллар, болалар ҳамда турли сумкаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона маҳсулотларининг сифати, чидамлилиги ва замонавий дизайни туфайли ички бозорда алоҳида ўринга эга.  

Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ва самарадорлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида Халқ банки томонидан 100 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган бўлиб, бу маблағ корхонага янги технологик ускуналар сотиб олиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва маҳсулот ҳажмини ошириш имконини берди. Натижада корхона йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириб, ҳозирда йилига 250 минг дона чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконига эга бўлмоқда.  

Ҳозир корхонада 70 нафардан зиёд ходим меҳнат қилмоқда. Улар маҳсулот тайёрлашнинг турли босқичларида фаолият кўрсатади. Келажакда корхона нафақат ички бозорга, балки халқаро бозорларга чиқишни ҳам мақсад қилган. Корхона экспорт имкониятларини кенгайтириш учун янги дизайнлар яратиш ва ишлаб чиқариш технологияларини халқаро талабга жавоб берадиган маҳсулотлар тайёрлаш устида изланмоқда.  

– Олдинлари ҳам тадбиркорлик билан шуғулланганман, – дейди корхона раҳбари Содиқ Беков. – 2012 йилдан бошлаб Хитой давлатидан ҳозир ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни олиб келиб сотардим. Кейинчалик мана шу маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришни бошладим. Хитойдан маҳсулот олиб келиш йилларини эсласам жуда ҳам қийин эди. Текширувлар ҳаддан зиёд кўп эди. Бирон бир раҳбарни хонасига кириш учун ҳафталаб кутардик. Ҳозир туман ҳокими бошчилигидаги барча мутасаддилар бизга кўмак бермоқда. 2017 йилдан биз тадбиркорларнинг кўкрагига шамол тегди. Кўплаб имтиёзлар жорий этилди. Мана шу жараёнларда биз янги иш ўринларини яратишни бошладик.  

[gallery-19952]

Айни кунда қўшни давлатлар билан рақобатлашадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга эришдик. Хорижга талаб ҳам бошланди. Ишга олишда “Устоз-шогирд” анъанаси асосида қабул қиламиз. Бугун ходимларимиз 3 миллиондан 5 миллионгача маош олмоқда. Маҳсулотларимизнинг сифати икки бараварга ошди. Маҳаллий бозордан ортган маҳсулотларимиз чет элга экспорт қилинмоқда. Аслида бу маҳсулотлар чет элдан валютада юртимизга келган. Энди эса ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Иш фаолиятим ривожида Халқ банкининг кўмаги жуда катта. Яқинда 300 минг АҚШ долларида кредит олдик. Кредит эвазига маҳсулот турлари, ишчи ўринлари кўпайди ва даромадларимиз ошди.  

Корхона Халқ банкининг чарм саноатини қўллаб-қувватлаш борасидаги кўмаги тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Молиявий ёрдам билан таъминланган корхоналар нафақат ўзларини иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаб қолмай, балки миллий иқтисодиёт ривожига ҳам ҳисса қўшмоқда.  

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/lx9Lk7bJmdo?si=Bt0XasMlZrVB2v1l" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (видео+сурат),  

ЎзА мухбирлари.