Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ банки: истиқболли лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда
15:00 / 2024-06-15

Акциядорлик тижорат “Халқ банки” томонидан кейинги йилларда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш орқали ишсизликни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Наманган вилоятида ҳам Халқ банкининг молиявий кўмагида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-турда бу борадаги ишлар билан ияқиндан танишилди.

Дастлаб Янги Наманган туманидаги “Ахсикент” меҳмонхонаси мажлислар залида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорликда “Жамоатчилик билан алоқаларда самарали коммуникация ўрнатиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.  Унда Халқ банки бошқаруви раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулноза Алимова иштирок этди. “Давлат ташкилотларида коммуникациянинг ўзига хос хусусиятлари”, “Самарали коммуникациянинг ўзига хослиги нимада? Жамоатчилик билан алоқалар Халқ банки тажрибаси асосида”, “Инқирозли вазиятларда ўзаро коммуникация. Спиндокторинг” мавзуларида сўз борди.

Таъкидланганидек, 2025 йилга қадар трансформация жараёнларини амалга ошираётган Халқ банки ўз фаолиятини жамоатчиликка атрофлича таништириб боришдан манфаатдор. Мамлакат аҳолисининг 5/1 қисмига хизмат кўрсатиб келаётган Халқ банки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган “Очиқлик индекси” рейтингида тижорат банклари орасида биринчи ўринда эътироф этилгани ҳам “PR” борасида салмоқли ишлар бажарилаётганидан далолат беради.

Иштирокчиларга ҳозирда 1,8 миллион кишига хизмат кўрсатиб келаётган “Xazna” мобил иловаси тақдимоти ўтказилди. Шундан сўнг, пресс-тур иштирокчилари Наманган туманининг Катта Тошбулоқ маҳалласи ҳудудида жойлашган “Nam Motor Servis” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишдилар. 2007 йилда ўз фаолиятини оддий сув насосларини таъмирлашдан бошлаган мазкур корхона бугунги кунда саноатда қўлланиладиган электродвигателлар ва сув насослари ишлаб чиқарувчи республикадаги йирик субъектга айланган.

Корхона маҳсулотларига талаб ва эҳтиёж жуда катта. “Навоий кон металлургия комбинати”, “Олмалиқ тоғ кон металлургия комбинати”, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти, “Ўзнефтгаз” компанияси, сув хўжалиги тармоқлари жамиятнинг маҳаллий бозордаги асосий буюртмачилари саналади. Шунингдек, сув насослари Қирғиз Республикаси, Афғонистон, Турманистон, Озарбайжон давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда.

– Халқ банки билан 15 йилдан буён ҳамкорликда ишлаб келамиз, – дейди “Nam Motor Servis” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Бахтиёр Бекмирзаев. – Фаолиятимиз кўламини кенгайтириш, хориждан замонавий ускуналар хариди учун Халқ банки Наманган вилояти филиалидан қарийб 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит олдик. Жорий йилнинг ўтган даврида 50 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарган бўлсак, бу кўламни йил якунига қадар 150 миллиард сўмга етказмоқчимиз. Тез орада банкнинг 1,5 миллион долларлик молиявий кўмаги асосида эмалланган сим маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳани амалга оширишни режалаштирганмиз. Келгусидаги асосий мақсадимиз истеъмолчиларга сифатли маҳсулотлар етказиб бериш, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириб, мамлакат саноати ривожига ҳисса қўшишдир.

Наманган туманидаги “Наманган Наврўз гуллари” масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхонада турли хил гуллар ва манзарали дарахтлар етиштирилади. МЧЖ раҳбари Иброҳим Муҳиддинов шу йўналишдаги фаолиятини кенгайтириш мақсадида Халқ банки молиявий кўмагидан фойдаланиб, ўз бизнесини юритаётган тадбиркорлардан биридир. Ажратилган 350 миллион сўмлик кредит гул ва манзарали дарахтлар кўчатларининг янги навларини яратиш ва иссиқхоналар кўламини кенгайтиришга йўналтирилди. Бу ўз натижасини бериб, йиллик даромад 550 миллион сўмга етди. Дастлаб, бир сотихда иш бошланган бўлса, ҳозирга келиб чаманзорлар ҳудуди бир гектарга етди. Муҳими, жамият гулзорларида 50 га яқин кишининг қозони қайнаяпти, чўнтагига мўмай пул тушяпти.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, бугунги кунда Халқ банкининг Наманган вилоятидаги мижозлари 51 086 тани ташкил этиб, уларнинг 16,3 фоизи, яъни 8 минг 332 таси кичик бизнес субъектларига тўғри келади. Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорларга 100 миллиард сўмдан ортиқ банк кредитлари ажратилиб, бу вилоятда ишбилармонлик муҳитини янада ошириш ҳамда тадбиркорлик лойиҳаларини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА