Мутолаа инсон қалбини ёритувчи, дунёқарашини кенгайтирувчи, онгини шакллантирувчи муҳим омил бўлиб, китоб ва китобхонликнинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳам ғоятда аҳамиятлидир.
Интернет, ижтимоий тармоқлар тобора ривожланиб боргани сари китобга муносабат, унга бўлган қизиқиш ва эҳтиёж камайиб бораётгандек. Тадқиқотларга кўра, аксарият ўқувчилар китобнинг 18-саҳифасидаёқ қизиқишини йўқотади, яъни ўқигиси келмайди. Демак, ўқувчини ўша асар мутолаасига қизиқтира олиш долзарблашиб бормоқда. Шу маънода "Asaxiy Books" ҳар саҳифасида ўқувчиларнинг қизиқишини ошириб борадиган бестселлер асарларни ўзбек аудиториясига олиб киргани билан аҳамиятлидир.
Лойиҳа асосчисининг сўзларига кўра, ”Asaxiy Books“ тарихида бурилиш нуқтаси ясалмоқда. Боиси, Халқ банки халқимизнинг ҳар томонлама ривожланиши, жумладан интеллектуал ўсишига ҳисса қўшишни мақсад қилиб, яна бир хайрли ишга қўл урди. Яъни банк ”Asaxiy Books“ томонидан 20 та янги асарнинг ўзбек тилида чоп этилишига ҳомийлик қилади.
Кўплаб ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириб келаётган Халқ банкининг навбатдаги ушбу лойиҳаси унинг янада халқчиллашиб бораётганидан далолат, десак муболаға бўлмайди.
®
ЎзА