Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳалоллик йўлидаги қадамлар
15:39 / 2025-12-24

Коррупцияга қарши курашиш фақат назорат ва жавобгарлик масаласи эмас, балки давлат органларида ҳалоллик, очиқлик ва ишонч муҳитини шакллантиришга қаратилган узлуксиз жараёндир.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитасининг 2025 йил давомида коррупцияга қарши курашиш ва унинг  олдини олишга қаратилган ишлар юзасидан бўлиб ўтган брифингда қўмита ахборот хизмати раҳбари Озодбек Қувондиқов батафсил маълумот берди:

— Ўтган давр мобайнида Қўмита томонидан коррупцияга қарши курашиш доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи 16 та норматив-ҳуқуқий ва ички ҳужжатлар қабул қилинди. Бу ҳужжатлар Қўмита фаолиятида ягона ёндашувни шакллантириш, қарор қабул қилиш жараёнларида шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларни барвақт бартараф этиш мақсадида Қўмитанинг барча вазифа ва функциялари “E-antikor.uz” электрон платформаси орқали баҳолашдан ўтказилди. Бу эса коррупцияга қарши курашишда реактив эмас, балки профилактик ёндашув устувор эканини кўрсатади.

Баҳолаш натижасида аниқланган хавф-хатарларни бошқариш учун Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш дастури ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш амалиётининг тўлиқ бажарилиши давлат хизматчилари фаолиятида шахсий манфаатлар эмас, балки жамоат манфаати устувор бўлишига хизмат қилмоқда.

Ишга қабул қилиш жараёнларида шаффофлик ва холисликни таъминлаш коррупциянинг энг самарали олдини олиш воситаларидан бири ҳисобланади. Шу боис марказий аппаратга ишга қабул қилиш бўйича суҳбат босқичидан ўтган 480 нафардан ортиқ номзод тўлиқ текширувдан ўтказилди ва улардан 22 нафари ишга қабул қилинди. Бу жараёнларда очиқлик ва қонунийлик қатъий таъминланди.

Кадрлар салоҳиятини ошириш ҳам коррупцияга қарши курашишда муҳим омил ҳисобланади. 2025 йил давомида 7 нафар ходимнинг хорижий давлатларда тажриба алмашиши, 11 нафар ходимнинг малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида иштирок этиши Қўмита тизимида замонавий билим ва халқаро тажрибани жорий этишга хизмат қилди.

Фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида жорий йил сентябрь ойида Қўмита раҳбариятининг мурожаати эълон қилинди. Унда коррупциявий ҳолатларга дуч келинган тақдирда ишонч телефонлари, расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиш мумкинлиги, мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши тўлиқ кафолатланиши алоҳида таъкидланди. Бу эса фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан ўтказилган аксилкоррупция ойлиги доирасида Қўмитада “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, Қўмита фаолияти билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлди.

Қўмита томонидан амалга оширилаётган ишлар коррупцияга қарши курашишда тизимли ёндашув, профилактика ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотга таянаётганини кўрсатади. Келгусида ҳам мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади.

Нигора Раҳмонова, ЎзА