“Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Ҳалоллик вакцинаси — тараққиёт гарови” мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси, Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирни ўтказишдан мақсад, коррупция иллатининг ҳар қандай давлат ва жамият сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиши, давлатнинг Конституциявий асослари ва қонун устуворлигини заифлаштириши ҳисобга олинган ҳолда мазкур жараёнларда барчани огоҳликка чақириш, уларга қарши жазо муқаррарлигини таъминлашдан иборат.
“Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қайпбергенов ва бошқалар Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши келажакка коррупциясиз қўйилган муҳим қадам бўлганлигини таъкидлади. Ҳозирги вақтда коррупцияга оид жиноятларни содир этиш билан боғлиқ норматив ҳужжатлар тегишли ташкилотлар томонидан қайта кўриб чиқилиб, уларга қўшимчалар киритиш, оғир жазо турларини қўллаш устида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Эндиликда норматив ҳужжатлар такомиллаштирилган ҳолда коррупция ҳолатлари билан жазога тортилган фуқароларни маҳсус рўйхат асосида ягона реестрга бириктириш кўзда тутилган. Бу албатта, барча лавозимли шахсларнинг ўз ишига бўлган масъулиятини оширган ҳолда, ўзининг ижобий натижасини бериши аниқ. Чунки, коррупция жиноятини содир этган лавозимли шахслар келажакда мазкур реестрга киритилиб иш фаолияти давомида раҳбарлик лавозимидан четлатилади. Бундай чора-тадбирларнинг аксарияти жаҳон тажрибаларида ўзини исботлаган.
Коррупция иллати инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан, унга қарши курашиш, юртимизни коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки, шу давлатнинг ҳар бир фуқароси, жамият аъзоларининг иши ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА