Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳалоллик вакцинаси” сўзда эмас, амалда бўлиши лозим...
16:11 / 2021-01-05

Тошкент вилоятида 35 та кичик саноат зонаси бор. Айни пайтга қадар уларга қиймати 1 триллион 912 миллиард сўмлик 191 та инвестиция лойиҳалари жалб этилган. Хўш, бу борада ишлар режалаштирилганидек бораяптими? Ҳудудларда иқтисодий мажмуа вакиллари тадбиркорлар, лойиҳа ташаббускорлари билан талаб даражасида иш олиб бораяптими?

 Нурафшон шаҳрида вилоят ҳокими Рустам Холматов раислигида ўтган йиғилишда ана шулар ҳақида сўз борди. Мавжуд лойиҳалар, истиқболдаги режалар, муаммоли вазиятлар танқидий таҳлил қилинди. Мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.  

 Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда 101 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 861 та янги иш ўрни ташкил этилган. Қолган 90 та лойиҳада 1 триллион 561 миллиард сўм инвестиция киритилиши ҳисобига 5 минг 958 та янги иш ўрни пайдо бўлади. Аммо, бу – ҳали режа, истиқболдаги мақсад. Унинг амалга ошиш-ошмаслиги эса, афсуски, инсон омилига – жойлардаги мутасаддиларнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ бўлиб қолаётгани афсусланарли ҳолат.  

 –  Мен қишлоқ хўжалаги соҳасини жуда яхши тушунаман, – деди Рустам Холматов. – Масалан, уста деҳқон ўз оиласи билан бир ёки бир ярим гектар ерни обод қилади, зўр ҳосил олади. Яна денг, икки-уч киши туну кун шу иш билан банд бўлса, акс ҳолда ҳосилдан барака кўтарилади. Таассуфки, мева-сабзавотчилик йўналишида фермерлик билан шуғулланаётган фермерларнинг ишлаш услубини, молиявий ҳолатини, иш ўринларини яратиш бўйича тажрибасини тизимли равишда ўргансангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. 20-30 гектар ери бор, унга мева-сабзавот эккан, аммо, хўжаликда 4-5 киши меҳнат қилади... Бу ўринда ёлғон ва алдов, халқимиз, биринчи навбатда, оддий меҳнаткашларга нисбатан ноҳақлик борлигини ҳамма яхши билади, лекин негадир унга қарши астойдил курашмайди. Қисқаси, бу каби ёқимсиз ҳолатларга – фермер томонидан мардикор олиб келиб, ишлатиб, соф фойдани, айланма маблағни давлатдан яшириш ҳолатларига барҳам бериш, энг биринчи навбатда, ўша тумандаги иқтисодий блокнинг вазифаси, керак бўлса, Ватан олдидаги мажбурияти!  

 Шунингдек, вилоят ҳокими жорий йили ана шундай нолегал ишлаётганларни расмийлаштириш бўйича олиб борилган ҳаракатлар натижасида, 73 минг нафар ишчи-ходимнинг бандлиги амалда, расман таъминлангани, аммо, реал воқеликка нисбатан олганда, бу кўрсаткич жуда паст эканини таъкидлади.  

 Маълумки, ҳар бир ҳудудинг ўсиш нуқтаси – драйвери мавжуд. Хусусан, Тошкент вилоятининг тоғ ва тоғ олди ҳудудлари, шаҳарлари, яқин-яқинларгача чўл бўлган текис майдонда жойлашган туманлари, хуллас, ранг-баранг табиати, ўша ҳудуднинг потенциалини бегилайди. Пойтахт остонасидаги шаҳар ва туманлардаги деҳқонлар, тадбиркорлар учун катта бозор, шаклланган инфраструктура бор.  

 Йиғилишда таъкидланганидек, қарс икки йўлдан чиқади. “Ҳалоллик вакцинаси” ҳар бир тадбиркорнинг ҳаётий маслагига айланмоғи, ўз навбатида, молия-иқтисод соҳаси вакиллари назоратни сусайтирмасликлари лозим.  

 

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА