Жиззах вилояти солиқ бошқармасининг мажлислар залида коррупцияга қарши курашиш, солиқ органлари фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек очиқлик, ҳалоллик ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда тизимда тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш ҳамда ходимлар ўртасида масъулият ва ҳалоллик маданиятини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, кўп йиллик тажрибага эга солиқ ходимлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ёш кадрларга касбга садоқат, фидойилик ва ҳалоллик ҳақида амалий тавсиялар беришди. Йиғилиш давомида коррупция ҳолатларига йўл қўйган ходимлар тақдири ҳақида тайёрланган фильм ҳам намойиш этилди.

– Солиқ тизимидаги ҳар бир ходим жамият олдидаги масъулиятини тўлиқ ҳис этиши зарур. Коррупция – нафақат қонунбузарлик, балки халқ ишончини йўқотиш билан боғлиқ оғир иллатдир. Биз тизимда очиқлик, ҳалоллик ва шаффофликни таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилаганмиз. Ҳар бир раҳбар, ҳар бир ходим ўз фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаб, фақат ҳалол меҳнат орқали натижага эришиши лозим. Шу йўл билангина фуқаролар ишончини мустаҳкамлай оламиз, – деди Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Бобир Исмоилов.

Йиғилиш якунида бошқарма раҳбарияти томонидан ходимлар ўртасида хизмат интизомини ошириш, ички назоратни янада кучайтириш ҳамда профилактик ишлар самарадорлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари